Бу президентнинг 2026 йил 23 сентябрдаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–206-сон фармонида белгиланди.
Ҳар бир маҳаллада «3–30–300» стандарти
Фармонда ҳар бир маҳаллада ҳар бир одам учун учта дарахт, 30 фоиз дарахт сояси ва 300 метр атрофда яшил ҳудуд бўлишини назарда тутувчи «3–30–300» халқаро стандартини жорий этиш мақсади белгиланган.
2030 йилга қадар яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сони 1 023 тага етказилади. Жумладан, 2026 йил куз мавсумида 257 та шундай боғ ва парк яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2030 йилгача ҳар бир туман ва шаҳарда умумий узунлиги камида 10 километр бўлган камида бешта сояли сайр кўчаси ташкил этилади.
Кузги кўчат экиш қачон бошланади?
1 октябрдан яшил ҳудудлар учун жойларни аниқлаш, ерларни тайёрлаш, кўчат ва буталар захирасини яратиш ишлари бошланади. Кўчат экиш мавсуми эса ҳудудлар бўйича қуйидаги саналарда старт олади:
— 1 ноябрдан — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида;
— 5 ноябрдан — Бухоро ва Навоий вилоятларида;
— 10 ноябрдан — Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида;
— 20 ноябрдан — Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида.
Экология қўмитасига ушбу муддатларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилган.
Икки ойлик давомида ариқлар, зовурлар, каналлар ва умумий фойдаланишдаги ҳудудлар чиқиндилардан тозаланади, мавсумий ёғингарчиликларга тайёрланади. Маҳаллалар, кўп квартирали уйлар атрофи, ижтимоий объектлар ва бошқа жамоат жойларида ободонлаштириш ишлари олиб борилади.
Маҳаллаларга маблағ ва хизматлар пакети
2027 йил 1 январдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети жорий этилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун Экология қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия томонидан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималарнинг 90 фоизи маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига ўтказилади. Қолган 10 фоиз жаримани қўллаган давлат ташкилотида қолдирилади.

















