“Ташаббусли бюджет”нинг жорий мавсумида келиб тушган 759 та шериклик лойиҳасидан 114 таси ғолиб деб топилди.

Бу лойиҳалар учун зарур маблағнинг 50 фоизи ташаббускорлар томонидан тўпланиши натижасида улар автоматик равишда, овоз тўпламасдан ғолиб бўлди. Қолган 50 фоиз маблағ маҳаллий бюджетдан йўналтирилади.

Шериклик лойиҳалари бўйича фуқаролар маблағларни 21 август, соат 17:00 га қадар транзит ҳисобрақамларга ўтказишлари лозим.

“Ташаббусли бюджет” порталидаги маълумотларга кўра, жорий мавсумда 114 та лойиҳа шериклик асосида ғолиб деб топилган бўлиб, шундан:

  • 48 таси – электр энергияси таъминоти (трансформатор ўрнатиш, симёғочларни алмаштириш ва бошқалар);
  • 30 таси – кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш;
  • 22 таси – ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ.
Openbudget.uz порталидан скриншот

Ҳозирга қадар Қашқадарё вилоятида 33 та, Самарқанд вилоятида 23 та, Хоразм вилоятида 15 та, Навоий вилоятида 14 та, Сирдарё вилоятида 9 та, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида 7 тадан лойиҳа ғолиб бўлиб улгурди.

Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан шериклик асосида бирорта лойиҳа ғолиб бўлмади.

Бугун тунда, 22 августдан бошлаб лойиҳаларга овоз бериш жараёни бошланади. Овоз бериш 31 августда якунланиб, ғолиблар 1 сентябр – Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.