Спорт | 11:15 / 25.05.2024
7243
12 дақиқада ўқилади

«Яна бир марта!» Бруну Фернандеш Манчестер орзуси, фарзандлари ва ҳаётидаги энг муҳим қўшиқ ҳақида

Фото: Getty images

Англияда мавсумнинг яна бир муҳим ўйини қолди. Дунёнинг энг кўҳна мусобақаси бўлмиш Англия кубоги финалида Манчестер клублари ўзаро куч синашади. Бири яқиндагина қаторасига тўртинчи чемпионлигига эришиб рекорд қўйган бўлса, иккинчиси АПЛ тарихидаги энг ёмон мавсумини ўтказди. Қуйида «Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандешнинг катта финал олдидан ўз мухлисларига ҳитобини ўқишингиз мумкин. Португалиялик футболчи бахонада ўз ўтмиши, оиласи, Манчестерга трансфери ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

«Англия кубоги финали олдидан чин қалбимдан баъзи сўзларимни айтмоқчиман. Тушунаман, сиз учун бу мавсум осон бўлмади. Сиз лойиқ бўлгандек ўйин кўрсата олмадик. Аслида ҳеч қачон биз сизнинг қўллаб қувватлашингизга мос равишда жавоб бера олмаганмиз. Жамоа сардори сифатида бошқалардан ҳам кўпроқ бу ҳақида ўйлайман ва елкамдаги масъулиятни табиий деб биламан.

Бу клуб – шунчаки, чиройли гап топиб, ижтимоий тармоқларга ёзиб қўйишимдан анча каттароқ. Бу клуб чинданам мени хаяжонга солади. Тўрт йил олдин бу ерга келишим ҳақида эшитганимда қаерда бўлганимни ҳам унута олмайман. Ётоқхонамиздаги шкафнинг ичида эдим, ишонасизми?

Кечки соат ўнларда агентим қўнғироқ қилиб қолди. У пайтда қизим уч ёшда, биз ётишга тайёргарлик кўраётгандик. Агентимга доим айтаман: агар трансфер юз фоиз аниқ бўлмаса, менга айтиб ўтирма. Чалғишни, фикрим бўлинишини хоҳламайман, деб. Агар шу соатда қўнғироқ қилаётган бўлса, нимадир бор.

— Янгиликни эшитишга тайёрмисан?

— Тинчликми?

— Англияга борамиз

— «Тоттенҳэм»ми?

— Йўқ, «Юнайтед»

— Ҳазиллашмаяпсанми?

— Йўқ, йўқ. Жиддий. Ҳаммаси тайёр. Сенга боғлиқ. Ўтасанми?

Жавоб ҳам бермадим. Аввалига кўз ёшларим қуйилиб келди. Уёқда агентим Бруну, Бруну деб бақираётганди. Шу пайтда рафиқам кириб қолди.

— Бруну, нима бўлди?

— Бу Мигел. Айтишича, «Юнайтед» мени сотиб олмоқчи.

— Шошма, сен йиғлаяпсанми?

— Билмайман, хурсандчиликдан бўлса керак.

У ҳеч қачон йиғламайди. Ҳис-туйғуларга мен кўпроқ бериламан. Ҳозир ҳам у ёзганларимни ўқиб кулаётган бўлса керак.

Аввалига ўша кунги ҳолатимни тушуниб олишингиз лозим. Ёзда Англиянинг кўплаб клублари мен билан қизиқаётгани ҳақида миш-мишлар бўлган, аммо жиддий таклиф фақат «Тоттенҳэм»дан эди. Ҳозир бироз ғалати туюлиши мумкин, лекин ўшанда анча хаяжон босган. Премер-лигада ўйнаш энг катта орзуйим эди ахир. Ҳаддан ташқари кўп хабарларни инкор этишга ҳаракат қилар, аммо ижтимоий тармоқлар даврида бунинг ҳам иложи йўқ. Табиийки, атрофимдагилар, дўстларим ҳаммасини ўқиб юришарди. Хуллас, якунда музокаралар ўхшамади ва «Тоттенҳэм»га ўтмадим. Осон эмас, лекин айтиш мумкинки, «Спортинг»да ҳам бахтли эдим. Мухлислар мени жуда яхши кўрар, у ердаги ҳар дақиқамдан завқ олганман, аммо тақдирим Лиссабонда эмаслигини сезардим.

Бир неча ой ўтди. Миш-мишларни инкор этар, эътибор қаратмасликка интилардим. Шунинг учун январда агентим телефон қилганида, бироз шокка тушиб қолганман.

Рафиқамга айтдим: «Спортинг»даги ҳаётим орзудагидек, лекин ишон, «Манчестер Юнайтед» ундан ҳам каттароқ!» Агентим ҳалиям телефонда кутиб турарди. «Мигел, «Юнайтед»га борамиз» – дедим ниҳоят.

Ана — аёлим. У билан 16 ёшимдан бери биргаман. Ўсмирлик давримизда танишганмиз, муносабатларимиз бошланганида мен ҳали футболчи сифатида пул топмас, унинг иши эса яхши эди: мини-футболда ҳакамлик қиларди. Одатда, шанба кунлари унинг 3-4 ўйини бўлар, кейин, якшанба куни кинога борардик. Менда пул йўқ, билетни Ана олиб берарди. Овқатлангани кирганимизда ҳам шу гап. 17 етти ёшимда Италияга кетгач, дастлаб ётоқхонада яшадим. 18га киргач, у мактабини тугатиб менинг олдимга келди. Илк кунлардан биз орзуларимиз ортидан бирга юрганмиз. Шунинг учун, йиғлаётганимда кўз олдимдан бутун кечмишларимиз ўтаётганди. (Ана, бу қисми сенга тегишли, эсингдами, жамоавий тушликда ўтирганимизда «Удинезе»дан қўнғироқ бўлгани ва уларга мен керак эмаслигимни айтишгани? Мен ўтира олмай ошхонадан чиқиб кетганим, меҳмонхонада йиғлаётганимда мени юпатганинг, «давом эт, бу сенинг орзуйинг», деб далда берганинг?)

Улғаяр эканман, футболда ўзимни топишдан бошқа йўлим ҳам, истагим ҳам йўқ эди. Бошқа бирор суянчиғим ҳам, қизиқишларим ҳам бўлмаган. Мактаб даврларида дарс тугаши билан ягона мақсадим тезроқ стадионга етиб бориб, катта синфдагилар келгунча майдонни эгаллаб олиш эди.

Энг севимли жойим – парк. Португалияда илк сунъий қопланган парк Портудаги уйимизга яқин эди. «О Sintético» деб атардик. Ҳозир ҳам йўлим тушганда, ўша ерда машинани тўхтатиб, томоша қилиб ўтираман. Отам билан ўша ерда ўйнаган пайтларим, дўстларим... «Мен бугун Криштиануман, Мен Месси! Мен Деку! Мен Фигу!» деб талашишимиз.

Бир кун ўғлим катта бўлса, уни ҳам шу ерга олиб келиб, ўйнатаман. Балки, у ҳам қачондир, улғайгач, худди мен каби, ёрқин хотиралар билан қолади. Балки, бир кун келиб, «шу ерда мен орзу қилишни бошлаганман» дер...

Болаликда ўйнаб юрганимда, негадир, бир кун «Юнайтед»да ўйнайман деган ҳис бор эди. Балки, Криштиану даврида улғайган, Евро-2004 ва ЕЧЛ-2008 каби мусобақаларни кўрган ҳар қандай бола ҳам шуни ҳис қилгандир. Лекин менда бу шунчаки орзу эмас, мақсад ҳам эди, бу узоқ йўлга қадамларимни босишим кераклигини билиб турардим. Шунинг учун ҳам агентим қўнғироқ қилганда бахтдан ўзимни йўқотиб қўяёздим.

«Олд Траффорд»даги биринчи ўйинимни унутмайман. Чигалёзди учун чиққанимда қарасам, стадион унча тўлмаган. Майли, бўлаверади, деб қўйдим. Кийиниш хонасига қайтиб, ўйин олдидан қайта тунелга чиққанимизда эса сеҳрланиб қолдим. Бу мен орзу қилганимдан ҳам бир неча баравар каттароқ эди. Футболчилар стадионда кўриниши билан бутун стадион бақириб юборади-ку? Ўша палла. Даҳшат. Этларим жунжикиб кетди.

Илк кундан мени ўзлариникидек қабул қилишди. Бутун диққатимни жамлашга ҳаракат қилар, миямдан фақат бир ўй кечарди – менда мослашиш учун вақт йўқ, мен «Манчестер Юнайтед» футболчисиман ёки йўқ. Буни кўрсатишим шарт!

Ўйин тугаб, кийиниш хонасига қайтгач, телефонимни ёқдим. Акам хабар жўнатибди. Бироз хавотир олдим. Сабаби, агар акам ва отамни таниганингда билардинг, улар танқидни кўтара олишмайди. СМС қисқа эди:

— Қўшиқни эшитдингми?

— Қанақа қўшиқ?

— Стадионда. Сенга аталга қўшиқ. Улар сенга атаб қўшиқ ёзишибди!

Кейин видео жўнатди. Танаффусда буфетга чиққан мухлислар менга аталган қўшиқни жўр бўлиб куйлашибди. Қанақасига, ахир атиги тўрт кун олдин шартнома имзолагандим-ку? Қандай ўйнашимни улар қаердан билишди? Ютубданми? У ерда ҳамма зўр. Тўрт кунда қўшиқ матнини қандай тайёрлашди?

Албатта, ўйинимни ёқтирмайдиганлар ҳам топилади, аммо аксарият мухлисларнинг муҳаббатини сезиб тураман. Дунёнинг турли бурчакларидан, Ҳонконгдан, Нигериядан менинг либосимни кийиб расмга тушишади ва юборишади. Ўтган ёзда, мени сардор қилиб тайинлашганда уйга келиб Анага айтдим: «ҳатто орзу қилмаганларимга ҳам эришяпман!»

Аммо бу мавсум... Ишонинг, сиз нимани ҳис қилаётган бўлсангиз, бизда ҳам шу. Кўп марта бирор каттароқ ғалабадан сўнг «ниҳоят ўзимизни топиб олдик, энди шу ердан бошлаймиз», деб, кейин яна ёмон натижаларга қайтиб қолавердик. Биз етарлича кучли бўлолмадик, етарлича барқарор ўйин кўрсата олмадик. Буни билиб турибмиз. Мана шундай муваффақиятсизликлар, шармандаликлар, жароҳатлар орасида ҳам сизнинг қувватлашингиз ажойиб бўлди. Айниқса, «Селҳерст Парк»да, жамоа 0:4 ютқазганидан кейин ҳам трибунани тарк этмасдан, футболчиларимизни олқишлаб турганингизни кузатиб, фақат бир нарсани ўйладим – майдонда бунга жавоб қайтаришимиз шарт.

Оғир мавсумдан кейин, энди, кўпроқ меҳнат қилишим керак. Ҳаммаси мендан бошланади. Ҳаммаси эртадан бошланади. «Манчестер Сити»га қарши бор имкониятимизни ишга солишимиз ва олға юришимиз керак. Мен «Олд Траффорд»да ўйнашни яхши кўраман. Бу ерни тарк этишни истамайман. Бу доим менинг орзуйим эди.

Шунчаки менинг ва клубнинг мақсади муштарак бўлишини истайман. Жамоанинг ҳар қандай мухлиси билан гаплашсанг, сенга худди шундай дейди. Биз чемпионлик учун курашишни истаймиз. Чемпионлар Лигасида ўйнашни, кубок финалига чиқишни хоҳлаймиз. Бу стандарт. Бу — менинг мақсадим. Бу — сизларнинг лойиқ бўлганингиз.

Мен курашишда давом этаман. Мен шу ердаман. Оилам ҳам шу ерда бўлишни истайди. Агар бирор шубҳангиз бўлса, мендаги Spotify Wrapped буни исботлайди. Манчестерга илк келганимда қизим Матилда атиги 3 ёшда эди. Ўғлим Гонсалу ҳали туғилмаганди. Матилда илгари футболни жуда яхши кўрарди. Айнан у туфайли голларимни шундай нишонлайман. Қўлим билан қулоқларимни беркитиб оламан. Гап шундаки, у пайтларда Матилдадан ўйинчоқларини йиғиштириб қўйишни буюрсам ёки бошқа унга ёқмаган гап айтсам, қўли билан қулоқларини беркитиб оларди ва «дадажон, нима деяпсиз, ҳеч нарса эшитмаяпман» деб турарди. Ҳар гол урганимда, мабодо бирор сабаб билан ўша ҳаракатни қилмасам, уйга келгач гап эшитардим. «Нега ундай қилмадинг, мени унутиб қўйдингми?» деб кутиб оларди. Қизлар шунақа.

Вақт жуда тез ўтяпти, Матилда энди 7 ёшда ва футбол билан иши йўқ. У ҳозир балерина бўлиш, гимнастикадан олимпиадада қатнашишни орзу қиляпти. Лекин уйда футбол ўйнашдан бошқасига қизиқмайдиган 3 яшар ўғлим бор. Ўйинчоқларини 5 тадан териб қўйиб, футбол ўйнайди. Ҳаммамизни бирлаштириб турадиган нарса эса эрталаб, боғча-мактабга кетаётиб уйимизда янграйдиган қўшиқ. Доим битта қўшиқ. Ҳали гапиришни яхши билмайдиган ўғлим ҳам жўр бўлади. Кўп сўзларини чалкаштириб юборса-да, яхши бошлайди. Эрталаб соат саккизда машинанинг орқасида ўтириб олиб, бор овози билан куйлаётган уч ёшли болакайни тасаввур қилинг:

Glory, glory Man United!

Glory, glory Man United!

Glory, glory Man United!

As the Reds go marching on, on, ON!!!!

Кейин қизим қўшилади:

We’re the boys in red!

And we're on our way to Wembley!!!

Wembley, Wembley!!!!!

Ҳар куни эрталаб.

Хуллас, болаларимга, ҳамда бутун дунёдаги «Юнайтед» мухлисларига биргина гапим бор:

«Биламан, осон бўлмади. Биламан, биз бундай ўйнамаслигимиз керак эди. Лекин ҳозир «Уэмбли» остонасида турибмиз. Яна бир марта орқамизда туринг. Сардорингиз Брунк Фернандеш»

ThePlayersTribune

Мавзуга оид