Гирассининг ҳет-триги яримфинал учун етарли бўлмади

ЕЧЛ, чоракфинал. Жавоб ўйинлари. 
Боруссия Дортмунд – Барселона 3:1
Голлар: Гирасси 11 (пен.), 49, 76 – Бенсебаини 54 (авт.)
Боруссия Дортмунд: Кобель – Зюле, Антон, Бенсебаини – Коуту (Брандт 77), Гросс, Нмеча (Рейна 64), Свенссон – Адееми (Гиттенс 77), Гирасси, Байер (Дюранвиль 65)
Барселона: Шенсни – Кунде, Кубарси, Араухо, Мартин – Гави (Педри 59), де Йонг – Лопес (Э. Гарсия 70) – Ямаль (Ф. Торрес 70), Лавандовски (Олмо 86), Рафиня
Огоҳлантиришлар: Нмеча 56 – де Йонг 35
Биринчи ўйин: 0:4

«Барселона» – Чемпионлар лигаси яримфиналида. Аммо Дортмунднинг «Боруссия» клуби футбол оламини ақл бовар қилмас камбэк билан лол қолдиришига сал қолди. Каталонияликлар йил бошидан буён илк бор мағлубиятга учради.

Ўйиндан олдин «Барселона» посбони Шченсни чигалёзди машғулоти чоғида қўлини шикастлаб олгани ва барчадан олдин кийим алмаштириш хонасига кетгани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Шунга қарамай, ушбу поляк бошланғич таркибдан ўрин олди. Тўртинчи дақиқадаёқ «Боруссия» Шченснини текшириб кўрди – Байернинг зарбаси дарвоза соҳасига тўғри борди. Лекин зарба анча узоқдан берилганди ва Войцех бу тўпни бир қўли гипс ҳолатида ҳам қайтариши мумкин эди.

Ўйин дебютида «Барселона» тўпни назорат қилишга уринди, аммо «Боруссия» бор куч билан ҳаракат қилиб, рақибга ўйин бермади. Бу оралиқда Испания чемпионати пешқадами умуман ўзига ўхшамади. Еттинчи дақиқада, Коутунинг Гави билан тўқнашувидан кейин каталонияликлар пеналтидан қутулиб қолди, аммо бир неча дақиқа ўтиб Шченсни Гроссни йиқитиб қўйганида ҳеч нарса Ҳанси Дитер Флик жамоасини жазодан қутқара олмади. Видеотакрор дарвозабоннинг фолини ҳам, Гросс офсайдда бўлмаганини ҳам тасдиқлади. Гирасси эса пеналтини оригинал услубда ижро этди. Фақат у «паненка» зарбаси билан тўпни тўсин остига йўллайди.

«Барселона» фақат бўлим ўрталарига борганида Кобел дарвозаси томон илк зарбасини йўллади. Бу вақтга келиб мезбонлар зарбалар бўйича 7-0, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 5-0, яққол голли вазиятлар бўйича 3-0 ва xG (кутилган голлар) бўйича 1,75 кўринишида катта устунликка эга бўлишганди. xG бўйича 0,02 кўрсаткичи ҳам «Барса» нақадар ачинарли аҳволда қолганини кўрсатади. 3-4-3 схемасида ўйнаган «Боруссия» юқори темпни сақлаб қолиб, каталонияликлар мудофаа чизиғи одатдаги каби анча юқорида жойлашганидан фойдаланишга эътибор қаратди. Мезбонлар мунтазам равишда тўпни кўк-анорранглилар жамоаси ҳимоячилари ортига очилишга чоғланган ҳужумчилари йўлига ташлаб беришди. Бир неча ҳолатда бу офсайд ҳолатига олиб келди, аммо қолган вазиятларда — ҳужумлар ўта хавфли чиқди.