Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, май ойидан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотларига тавсиявий экспорт нархлари жорий қилинган эди. Етказиб берувчиларга ҳақиқий нархларни тавсия этилганидан 20 фоиздан кўп бўлмаган миқдоргача пасайтиришга рухсат берилганди. Лекин кўп ўтмай, ҳукумат қарори билан тавсия этилган нархлар минимал нархларга ўзгартирилди.

EastFruit таҳлилчиларига кўра, бу минимал нархларни белгилашда ҳар бир маҳсулот учун сифат тоифалари, навлари ва бошқа омиллар ҳисобга олинмаслиги мумкин.

“Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай қарорлар ҳеч қачон ҳеч қайси нуқтаи назардан ижобий натижаларга олиб келмайди. Улар, биринчи навбатда, ишлаб чиқарувчилар ва кичик экспортчиларга таъсир қилади – уларнинг маҳсулот сотиш имкониятлари тораяди. Бу ўз навбатида маҳсулот етиштиришга сармоя киритишга қизиқишни дарҳол пасайтиради ва мамлакатни йирик тизимли импортёрлар учун унчалик жозибали бўлмаган ҳамкорга айлантиради. Дарҳақиқат, бундай қўлда тартибга солиш билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаларини тузиш жуда хавфли бўлади.

Шу билан бирга, солиқ тушумларини ошириш ва валюта назоратини яхшилаш нуқтаи назаридан бундай чора самарасиздир. Йирик компаниялар учун замонавий молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда минимал нархларни четлаб ўтиш қийин эмас, аммо бунинг натижасида солиқ базаси камайиши мумкин”, – дейилади таҳлилларда.

Экспертларга кўра, Ўзбекистон мева-сабзавот экспортида юқори ижобий динамика кузатиляпти: 2023 йилда Ўзбекистоннинг экспортдан даромади 10 фоизга камайиб, 777 миллион долларни ташкил қилган. Расмийлар эса мева-сабзавотлар статистикасига қуруқ дуккаклиларни ҳам қўшиб, ҳисоботларда каттароқ рақамни кўрсатишмоқда, ваҳоланки сифатли таҳлил учун бу маҳсулотлар донли дуккаклилар экспорти бандидан жой олиши керак, чунки қуруқ дуккаклиларнинг хусусиятлари ва савдо тузилмаси мева-сабзавотлардан умуман фарқ қилади.

“Экспортни ривожлантириш учун жозибали имкониятлар бўлишига қарамай, Россия дунёнинг аксарият давлатларидан мева-сабзавот олиб кирилишини тақиқлагани сабабли Ўзбекистон экспорти стагнацияга учраган. Экспорт кўрсаткичлари сўнгги беш йил давомида деярли ўзгаришсиз қолиб, 700 млн доллардан 900 млн долларгача ўзгариб турибди”, – дейилади EastFruit шарҳида.