Жо Байден маъмурияти ўзининг ядровий қурол стратегиясини кучайтирмоқда, чунки Россия ва Хитой ўтган йили АҚШ қурол назоратини муҳокама қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламади, деб хабар берди Semafor жума куни Байден маъмуриятининг исми ошкор қилинмаган юқори мартабали ходимига таяниб.
Хусусан, янги гравитацион бомба яратиш, шунингдек, «Оҳайо» тоифасидаги қатор ядро сувости кемаларидан фойдаланиш муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилинди, деди манба. «Жо Байден маъмурияти, шунингдек, ортиб бораётган ядровий таҳдидлар шароитида АҚШ ядровий кучларининг кейинги эволюциясини кўриб чиқмоқда ва асосий иттифоқчилар ўзларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган узоқ масофали зарба бериш ва кузатув қобилиятига эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда», - деди расмий батафсил маълумот беришдан бош тортиб.
АҚШнинг Россия ва Хитой билан қурол назорати бўйича музокаралари
Нашрнинг ёзишича, 7 июн куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши қурол назорати, қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик бўйича катта директори Пранай Вадди Вашингтон тегишли режаларини қурол назорати бўйича конференцияда эълон қилиши кутилмоқда, деб ёзади нашр.
Ўтган йили худди шу конференцияда Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар Хитой ва Россия билан қурол назорати масаласини «олдиндан ҳеч қандай шартларсиз муҳокама қилишга тайёрлигини айтди», деб эслатди Semafor. «Бироқ, Пекин ва Москва бу таклифларни рад этди, бу эса Қўшма Штатларни ўз ёндашувини ўзгартиришга мажбур қилди», — дея расмий сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Байден маъмурияти ҳали ҳам ўзининг геосиёсий рақибларини музокаралар столига ўтказишга умид қилмоқда, аммо уларни рад этиш оқибатлари бўлишини кўрсатмоқчи, дея қўшимча қилди манба. Россия ва Хитой «агар ҳамкорликдан бош тортишда давом этса, хавфсизлик муҳити ёмонлашади», деди у.
Россия ва АҚШ ўртасида стратегик ҳужумкор қуроллар шартномаси
Ҳозирда Россия ва АҚШ стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича шартнома (СҲҚ-3, New START) мажбуриятларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. У 2010 йил 8 апрелда АҚШ ва Россиянинг ўша пайтдаги президентлари Барак Обама ҳамда Дмитрий Медведев томонидан имзоланган ва 2011 йил 5 февралда кучга кирган. Ҳужжат томонларнинг ўзаро келишуви билан яна 5 йилга узайтириш имконияти билан 10 йилга мўлжалланган. 2021 йил 29 январда Россия президенти Владимир Путин СҲҚ-3ни 2026 йил 5 февралгача узайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади.















