Жаҳон | 11:11 / 10.06.2024
2638
4 дақиқада ўқилади

Макрон Украинага инструкторлар юбориш учун иттифоқчилар қидирмоқда

Макрон Украинага ҳарбий инструкторлар юбориш учун коалиция тузмоқчи, деб ёзади Welt am Sonntag. Германия ва АҚШ ташаббусни қўллаб-қувватламади.

Фото: Sean Gallup/Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага Ғарб ҳарбий инструкторларини юбориш учун давлатлар коалициясини тузишни режалаштирмоқда, бироқ Германия бу ташаббусдан четда қолмоқда, деб ёзади Welt am Sonntag газетаси 9 июн, якшанба куни Брюсселдаги дипломатик манбаларига таяниб. 

Нашрнинг ёзишича, ўтган ҳафта Франция Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Терри Буркхард АҚШ ва бир қатор Европа давлатлари ҳукуматларига Украинадаги ўқув миссиясида кўп миллатли «хоҳловчилар коалициясининг» бир қисми сифатида иштирок этиш таклифи билан хат йўллаган. Бундай таклифни, деб ёзади Welt am Sonntag, бошқа давлатлар қаторида, Британия, Полша, Нидерландия, Болтиқбўйи мамлакатлари, Дания ва Швеция олган. 

Шу билан бирга, Париж Германия федерал ҳукуматини эътиборсиз қолдирди - Берлинга таклиф келиб тушмади. Немис расмийлари сўнгги ҳафталарда ҳарбийлар украиналик аскарларни тайёрлаш бўйича ўқув миссиясида иштирок этмаслигини бир неча бор очиқ билдирган. Шу билан бирга, Оқ уй ҳам иштирок этишдан бош тортиши ҳақида олдиндан огоҳлантирди, шунга қарамай, Вашингтонга таклифнома юборилди, дея қайд этади Welt am Sonntag.

Германия, Италия ва Испания - Украинага ҳарбий инструкторлар юборишга қарши 

Нашрнинг Брюсселдаги дипломатларга таяниб ёзишича, Макрон бу ташаббусни Украинада аллақачон мавжуд бўлган ЕИ ўқув миссияси (EUMAM) шафелигида амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу миссия мандатини ўзгартиришни талаб қилади, аммо Welt таъкидлаганидек, бу мумкин бўлган ҳолат: миссия ҳали шу ёзда кўриб чиқилади ва ноябрда узайтирилиши керак. Шу билан бирга, Брюсселда Париж ғояларига қаршилик бор, дея қайд этади дипломатлар: уларнинг маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи аксарият давлатлари Украина ҳудудидаги миссияда иштирок этишга қарши бўлади. 

Шу тариқа, Германия, Италия ва Испания ҳукуматлари украиналик ҳарбийларни ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган мамлакат ҳудудида ўқитиш кескинлашувнинг сезиларли хавфини келтириб чиқариши ва Ғарб давлатларини Россиянинг Украинага қарши урушига жалб қилиши мумкинлигидан хавотирда. Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Украинага кўрсатаётган ёрдамини бир неча бор кечиктирган ва Россия Федерациясига қарши санкцияларга қарши чиққан Венгрия май ойи охирида Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари йиғилишида Украинанинг урушда ғалаба қозониш учун «имконияти» йўқлигини билдирди. 

Бироқ, Welt am Sonntag’га кўра, Европа Иттифоқи дипломатик доираларида ҳарбий нуқтайи назардан украиналик аскарларни ўз ҳудудида тайёрлаш учун жиддий сабаблар бор деган фикр кенг тарқалган. Шунда машғулотлар Украина Қуролли кучлари эҳтиёжларига кўпроқ мослаштирилади ва ҳарбийлар машғулотлар учун ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлмайди. 

Украинага ҳарбий инструкторларни юбориш 

Франция президенти Эммануэл Макрон Украина Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ўзига берилган қуроллар билан ҳужум қилиш ҳуқуқини олиши кераклигини айтган биринчи Ғарб етакчиларидан бири бўлди. Бундан ташқари, Макрон икки йилдан ортиқ вақт давомида Россия Федерациясининг кенг кўламли ҳарбий ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинага Ғарб ҳарбий инструкторларини юбориш имконияти масаласини бир неча бор кўтарган. 

Мавзуга оид