14:02 / 27.06.2024
2267

Россия ва Украина асирларни алмашиш бўйича музокаралар ўтказди

Тўғридан тўғри музокаралар Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида бўлиб ўтди. Икки давлат омбудсманлари вакиллари озодликка чиққан ҳарбий асирлар билан суҳбатлашди.

Фото: Euronews

Россия ва Украина вакиллари сўнгги ҳарбий асирлар алмашиш пайтида тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш учун ҳам учрашдилар. Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари вакиллари БАА воситачилигидаги музокараларда илк бор иштирок этди, деди Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец 26 июн, чоршанба куни ўзининг Telegram-каналида.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат омбудсманлари вакиллари озод этилган украиналик ва россиялик маҳбуслар билан суҳбатлашган. Лубинецнинг аниқлик киритишича, музокаралар Украина ташаббуси билан бўлиб ўтган ва Россия уни «биринчи марта қўллаб-қувватлаган». Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова музокаралар бўйича фактни тасдиқлаб, томонлар «ҳозирда мажбурий ҳибсхоналарда сақланаётган фуқароларни ўзаро қайтаришнинг эҳтимолий вариантлари ҳақида маълумот алмашганини» айтди. 

Бир кун аввал Россия ва Украина асирлар алмашиб, ҳар бири 90 нафар асирни озод қилган эди. Бундан олдин, охирги йирик алмашинув феврал ойида бўлиб ўтди. Ўшанда томонлар ҳар бири юз кишини озод қилди. 2022 йил феврал ойида уруш бошланганидан бери томонлар юзлаб асирларни алмашишган. Россия ва Украина ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини ҳам бир-бирига топширмоқда. 

Top