Миллий жамоалар иштирокидаги турнирлар — ўзини кенг жамоатчилик учун танитадиган истеъдодли футболчилар кўргазмасидир. Футболчилар қисқа муддатда ўз машҳурлигини ошириб олиш ва нисбатан каттароқ клубга трансфер бўлиш имкониятини қўлга киритишади. Қуйидаги рўйхатдаги айрим футболчилар ҳам янги мавсумни янги жамоада бошлаши деярли аниқ бўлган.

Transfermarkt порталида футболчиларнинг нархлари янгиланган — Евро-2024 иштирокчилари орасида ҳам кўплаб футболчиларнинг трансфер нархи ошган. 

10. Дан Ндой, Швейцария
+8 миллион евро (14 дан 22 га)

Швейцария миллий жамоаси Еврода ишончли ҳаракат қилди — гуруҳда Германия билан дуранг ўйнади, плей-оффнинг илк босқичида Италияни чиқариб юборди ва чоракфиналда Англияга фақат пеналтилар сериясида мағлуб бўлди. Зоммер, Варгас ва Фройлер кабилар ҳам юқори даражали футбол намойиш этишди, аммо Transfermarkt фақат «Болоня» ҳужумчиси, Мануэл Нойер дарвозасини ишғол этган Дан Ндойни алоҳида ажратиб кўрсатди. Унинг трансфер нархи қарийб уч баравар қимматлаган ва бунда швейцарияликнинг клубдаги ажойиб мавсумининг ҳам ҳиссаси бор.

9. Ферди Кадиўғли, Туркия
+9 миллион евро (21 дан 30 га)

Евронинг саҳна ортида қолган қаҳрамонларидан бири. Кадиўғли барча беш ўйинни чап қанот ҳимоячиси позициясида ўтказди, аммо мутахассислар эътиборини ўзига жалб қила олди. Ферди қанотда ўзига қарши ўйнаган кўплаб ёрқин футболчиларни тўхтатиб қолди, улкан ҳажмдаги қора ишларни бажарди, ҳужумларга ҳам қўшилди — у голли узатма муаллифи бўлмаса-да, ўртача бир ўйинда 3,2 марта зарбадан олдинги узатмани амалга оширди, бу эса қойилмақом кўрсаткич.

Энди «Фенербаҳче» футболчиси топ-клублардан бирига ўтиши кутилаётгани бежиз эмас — унга «МЮ» ва «Ювентус»дан жиддий қизиқиш бор.

8. Жамал Мусиала, Германия
+ 10 миллион евро (120 дан 130 га)

Мусиала янгилнган Германияда Вирц билан биргаликда асосий юлдузлардан бири бўлди. Янгича вингер-«ўнлик» гибрид ролида Жамал ўзини аъло даражада кўрсатди — турнир давомида учта гол урди ва немисларнинг янги авлодидаги асосий истеъдодлардан бири эканини яна бир бор исботлади.