Жаҳон | 08:05 / 20.07.2024
5228
5 дақиқада ўқилади

Байден президентлик лавозими учун курашни давом эттирмоқчи

Демократик партия аъзоларининг сайлов кампаниясини тўхтатиш бўйича чақириқларига қарамай, АҚШ амалдаги президенти пойгани давом эттиришини айтди. 

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден 19 июл, жума куни кейинги ҳафтада қайта сайланиш кампаниясини давом эттиришига ваъда берди. Коронавирус инфекцияси туфайли Байден Делавэрдаги уйида қолмоқда ва бир қатор тадбирларни бекор қилди. Оқ уй амалдаги раҳбари АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп билан июн ойидаги муваффақиятсиз дебатдан сўнг Конгрессдаги демократ ҳамкасбларининг сайловолди пойгасидан чиқиш чақириқлари фонида курашга қайтишини маълум қилди.

«Келгуси ҳафта сайловолди ташвиқотига қайтишни интиқлик билан кутаман, бунда Доналд Трампнинг кун тартибидаги таҳдидларни фош қилиб, ўзим қилаётган ишим ва Америкага нисбатан қарашларимни кўрсатаман», деди Байден. 

Байденнинг шифокори коронавирус асоратлари ҳақида гапирди

81 ёшли Байден ҳафта бошида Лас-Вегасга қилган сафари чоғида COVID-19 билан касаллангани маълум бўлди. Оқ уй «енгил аломатлар» ва «умумий ҳолсизлик» ҳақида хабар берди. Тестдан сўнг Байден даволаниш учун Делавэрга қайтди. 

Оқ уй шифокори Кевин О'Коннор жума куни президентда ҳали ҳам қуруқ йўтал ва овоз хириллаши борлигини, аммо унинг аҳволи яхшиланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Байденнинг юрак уриши, қон босими ва ҳарорат каби бошқа ҳаётий кўрсаткичлари нормал ҳамда у даволанишни яхши ўтказяпти. 

Байденга босим кучайиб бормоқда. Обама ва Пелоси хавотирда 

Ҳозиргача Конгресснинг 264 нафар демократ аъзосидан 32 нафари Байденни сайловолди кампаниясини тугатишга очиқ чақирди, бошқа юқори мартабали демократлар эса буни якка тартибда айтишган, деб хабар берди Reuters. АҚШ собиқ президенти Барак Обама, Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси ва Конгрессдаги партия етакчилари Байденнинг сайловолди кампанияси натижалари ҳақида шахсий хавотирларини билдирганликлари ҳақидаги хабарлар ортидан охирги 48 соат ичида Байденга нисбатан босим кескин ошди. 

Демократлар 5 ноябрдаги сайловда республикачиларнинг ғалаба қозонишидан ташвишланишмоқда, бу Трамп ва унинг иттифоқчиларига нафақат Оқ уй, балки Конгресс ҳар икки палатасида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритиш имконини беради. 

Вице-президент Камала Харрис Байден ўйиндан чиқса, Демократик партиядан президентликка унинг ўрнига номзод бўлиш учун асосий даъвогар ҳисобланади. У жума куни бир гуруҳ донорлар билан суҳбатлашди. 

Байден ўзининг севимли ток-шоусида пойгани тарк этишга чақирилади 

«Албатта, президент бу пойгада қатнашмоқда», деди сайловолди штаби раиси Жен О'Мэлли Диллон MSNBC телеканалининг «Тонгги Жо» дастурида. 

Айни пайтда, «Машъалани топшириш» деб номланган демократик гуруҳ Байденнинг ўзи томоша қилишни яхши кўрадиган «Тонгги Жо»да тўпланиб, уни курашни тўхтатишга чақирувчи телерекламаларни намойиш қилмоқда. NBC News хабар беришича, Байден оиласининг баъзи аъзолари «унинг кампаниядан чиқиши қандай бўлиши мумкинлигини муҳокама қилишган», аммо бу борада якуний қарор қабул этилмаган. Демократик партиянинг кўплаб вакиллари пойгадан чиқиш вақт масаласи эканини айтди. 

Байден ковид билан курашаётганда, Трамп Мичиганга боради

Бир кун аввал Республикачилар партиясининг Милуокидаги қурултойида Доналд Трамп партиядан давлат раҳбари лавозимига кўрсатилган номзодлик номинациясини қабул қилди ва шу тариқа расмий номзодга айланди. Трамп ўз нутқида Американи яқинлашиб келаётган парчаланишдан фақат ўзи қутқаришга қодирлигини ва у «ярим, балки бутун Америка» президенти бўлишни хоҳлашини айтди. 

Трамп АҚШ амалдаги президентини кескин танқид қилиб, уни «мамлакатни вайрон қилишда» айблади. У ўзи ҳокимият тепасида бўлганида дунёдаги ҳозирги барча йирик инқирозлар рўй бермаган бўларди, деб ҳисоблайди ва уларни бартараф этишга ваъда берди. Хусусан, Россия, Трампнинг сўзларига кўра, Украинага ҳужум қилди, чунки у Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилаётганини кўриб, Байден маъмурияти қобилиятсизлигидан «руҳланди». АҚШ собиқ президенти яна «бир телефон қўнғироғи билан урушларни тўхтатиши мумкинлигини» билдирди.

Трамп сайлов кампанияси учун муҳим деб ҳисобланган «зангли камар»нинг учта штатидан бири - Мичиганга боради. Мичиган штатида у ўзининг вице-президенти этиб танлаган Оҳайо штатидан сенатор Жеймс Дэвид Вэнс билан бирга суиқасддан кейинги илк митингини ўтказади. Штат 2016 йилда Трампга овоз берган, 2020 йилда эса у бу минтақани Жо Байденга бой берган.

Мавзуга оид