Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими собиқ бошлиғи жиноий жавобгарликка тортилди. У фаолияти давомида жиноий шериги билан пул эвазига чет эл фуқароларига ноқонуний турзда ID карта ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб берган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, З.А. 2006 йилдан 2023 йил март ойига қадар ички ишлар органларида хизмат қилган. У 2021 йил сентябр ойидан 2022 йил апрел ойига қадар Юнусобод тумани, 2022 йил апрел ойидан 2023 йил март ойига қадар эса Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

З.А. “Donna Global” МЧЖ (стол услуг) раҳбари Д.Ш. (марҳум, жиноят ишининг унга тегишли қисми тугатилган) билан биргаликда 9 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси фуқароси ID картаси ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб берган.

Жиноий шериклар бунинг учун чет эл фуқароларидан 4 минг доллардан 15 минг долларгача пул маблағини олиб, ўзаро тақсимлаб олишган.

Жумладан, З.А. 2022 йил ноябр ойида Россия фуқароси К.Д.га ноқонуний тарзда ID карта ва “қизил паспорт” расмийлаштириб берган. У буни қуйидагича амалга оширган: мансаб ваколатини суистеъмол қилган ҳолда ўзига бириктирилган “Е-калит” ёрдамида “Паспорт-виза” тизимига кирган ва аслида бошқа фуқарога тегишли бўлган СЕ 0547950 серия ва рақамли фуқаролик паспортини К.Д.га тегишли бўлганлиги ҳақида қалбаки электрон ҳужжатни яратган. Сўнгра К.Д.нинг гўёки фуқаролик паспортини йўқотиб қўйганлиги ва ID карта расмийлаштириб бериш ҳақидаги аризасини олган. Шу тариқа К.Д.га Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг AD 2099901 серия ва рақамли ID картаси ҳамда FA 6789244 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берган.

Шунингдек, З.А. ИИВ МФРББнинг “Манзил” тизимига кириб, ҳеч қандай асослантирувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса-да, К.Д.ни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, “Ахилобод” МФЙ, 13-мавзе, 72-уй, 90-хонадонга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйган.

З.А. жиноий шериги билан биргаликда айни шу усулда Россия фуқароси Н.К.га AD 2223361 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 6898656 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қозоғистон фуқароси Е.М.га AD 2489857 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7299794 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қозоғистон фуқароси М.К.га AD 2707976 серия ва рақамли ID карта; Россия фуқароси А.Ш.га AD 2656960 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7324102 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қозоғистон фуқароси С.Д.га AD 2819463 серия ва рақамли ID карта ва FA 7525028 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Қирғизистон фуқароси Д.Я.га AD 2869517 серия ва рақамли ID карта; Россия фуқароси Н.А.га AD 2869517 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7652695 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти; Россия фуқароси А.Г.га AD 3469496 серия ва рақамли ID карта ҳамда FA 7893815 серия ва рақамли хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берган.