Сўнгги йилларда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш органлари фаолиятида қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Бу ўзгаришларни миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида электрон навбат тизими жорий этилгани, фуқаролар учун чет элга чиқиш паспортлари бериш тизими осонлашгани, чет элга чиқишда сўраладиган ортиқча ҳужжатбозликларнинг камайганида ҳам кўриш мумкин.

Kun.uz тизимдаги ўзгаришлар, прописка масаласи ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳамедов билан суҳбат ташкил қилди.

«Фаррух Дадахўжаевнинг танқидлари ўтмиш учун тўғри эди»

Дониёр Тошхўжаев

Суҳбат аввалида Дониёр Тошхўжаевдан бир муддат аввал Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаевнинг «паспорт стол»ларнинг криминаллашиб кетгани ва фуқароларга кўрсатиладиган хизмат сифати қониқарли эмаслиги борасидаги баёноти бўйича фикрларини сўрадик.

— Фаррух Саидаҳмедовичнинг тизим ҳақидаги фикрлари билан танишиб чиқдим. «Паспорт стол»лардаги пулга хизмат кўрсатишлар, навбатлар ва бошқа норозиликлар бўйича айтган гаплари барчаси тўғри. Фақат бу у кишининг ўзи айтганидай «паспорт стол»лар, яъни, ўтмиш учун тўғри эди.

Ҳозир Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг бўлимларида катта ўзгаришлар қилинган.

Тўғри, мен коррупция умуман йўқолди, биз яхши ишлаяпмиз, деб айтолмайман. Коррупциянинг қандайдир элементлари ҳамон тизимда сақланиб қолмоқда, лекин кўплаб янгиликлар қилинмоқда.

Масалан, президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг февраль ойида ички ишлар идораларида йиғилиб қолган муаммолар ва уларнинг ечимларига қаратилган видеоселектор ўтказди. Унда президент соҳадаги муаммолар билан бирга яна бир фикрни айтди: «Мен тизимдаги барча соҳада сизларга шароит қилиб бераман ва кейин ишни талаб қиламан». Ҳақиқатдан ҳам, шундан кейин тизимга жуда катта эътибор қаратилмоқда.