28 июл куни Reuters ва Associated Press агентликлари Мали шимолида, Жазоир билан чегара яқинида, маҳаллий исёнчи туареглар билан тўқнашув оқибатида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг собиқ жангчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.
BBC рус хизматига кўра, вагнерчлар Малида 2021 йилдан буён ҳаракатланиб келади. Ўшанда давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятга полковник Ассими Гоита келган, шундан кейин мамлакатдан беш мингдан ортиқ француз ҳарбийлари контингенти чиқариб юборилганди (уларни олдинги президент Иброҳим Кейта айирмачи туарегларга қарши курашиш учун чақирган). Гоита эса уларнинг ўрнига вагнерчиларни таклиф этади.
Россиядаги Z-каналлар 20 июлдан бошлаб бир неча кун давомида сўнгги 12 йил мобайнида Малининг шимолий қисмини назорат қилиб келган ва ҳатто 2012 йилда Азавад номли алоҳида давлат тузилганини эълон қилган айирмачи туареглар тез орада тўлиқ тор-мор этилишини прогноз қила бошлаганди.
Мали ҳукумати баёнотларига кўра, операциянинг илк кунларида Мали армияси вагнерчилар билан биргаликда муваффақият билан илгарилаган. Бир ҳафта олдин улар Жазоир билан чегарадаги Ин-Афарак қишлоғини ўз назоратига олган.
25 июлдан 26 июлга ўтар кечаси эса россиялик ёлланма жангчилар карвони Жазоир ҳудудидаги Тин-Зауатин томон ҳаракатлана бошлаган.
Ёлланма жангчилар билан алоқадор телеграм-каналлар ёзишича, ҳарбийлар икки мамлакат чегарасидан икки километр масофада турганида кучли қум бўрони ёпирилган ва колонна ҳаракати тўхтаб қолган. Маҳаллий исёнчилар эса бу шароитдан фойдаланиб, вагнерчиларга пистирма қўйган.
Тўқнашув натижаси Россия томони учун «олис йўналишлар»даги (Украинадаги урушни ҳисобга олмаганда) Суриянинг Дайр-аз-Зор вилояти Ҳашам шаҳри яқинидаги жангдан кейинги энг йирик йўқотиш бўлган. Ўшанда, 2018 йил февралида вагнерчилар колоннаси Американинг зарбдор вертолётлари билан ўққа тутилиши оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Исёнчи туареглар гуруҳи баёнотида Мали ҳарбий хизматчилари ва вагнерчилар «жонли куч ва техникада катта йўқотишларга учрагани» айтилган — гап «ўнлаб» қурбонлар ва яраланганлар ҳақида боради. Туареглар қўмондонлиги маълумотига кўра, жангда 54 нафар вагнерчи ва малилик етти нафар ҳарбий ўлдирилган. Мали армияси икки ҳарбий ўлими ва яна 10 нафари яралангани ҳақида хабар қилган.












