Туркия Миллий разведка ташкилоти Россия, Беларусь ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинувига воситачилик қилди. Маҳбуслар алмашинувида америкалик Эван Гершкович ва Пол Уилан, Германия фуқароси Рико Кригер, россиялик сиёсатчи Иля Яшин ва ФХХ офицери Вадим Красиков ҳам иштирок этди.

Германияда қотиллик учун судланган Вадим Красиков Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинувининг асосий фигураси бўлди. Бу одам ким ва нима учун Кремль уни қайтариб олишга уринди?

Ғарбда жиноят содир этгани учун турли муддатларга қамалган Россия фуқаролари орасида Вадим Красиков ҳам бор. У немис қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб келаётганди. Красиков — мутлақо алоҳида ҳолат. Олдинлари Ғарб давлатлари Москва билан жосуслар, хоинлар, икки томонлама агентлар ёки иқтисодий жиноятчиларни алмашган бўлса, Красиков — Германияда умрбод озодликдан маҳрум этилган қотил.

Кремль айнан шу инсоннинг Россияга қайтарилишига қизиқиш билдиргани ҳақида мамлакат президенти Владимир Путин ҳам деярли очиқ гапирган. 2023 йил февралида америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида у «ватанпарварлик қарашлари сабаб Европа пойтахтларидан бирида бандитни йўқ қилган» одам ҳақида гапириб ўтган эди.

Бир ойдан кейин президентлик сайловлари якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Путин қамоқхонада вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийни «Ғарб давлатларида озодликдан маҳрум этилган айрим одамларга» алмашишга тайёр бўлганини тан олганди.

Берлин марказида ўлдирилган чечен

Қотиллик Красиков томонидан 2019 йилнинг 23 августида Берлин марказида содир этилган. Россиялик киллернинг қурбони собиқ чечен дала командири, Грузия фуқароси Зелимхон Хангошвили эди. Россия аввалроқ уни терроризмда айблаб, қидирувга берганди. Хангошвили 2015 йилда Грузияда ўзига уюштирилган суиқасддан кейин Германияга қочиб кетган.

Берлинда, куппа-кундуз куни, кўплаб инсонлар кўз ўнгида велосипед минган эркак чеченнинг орқасидан келиб, овоз сўндиргич қотирилган тўппончани олади ва унга уч маротаба ўқ узади. Қотилнинг қочиб кетишига гувоҳлар халақит беради: улар полициячиларга велосипедини сувга отиб, паригини ечган ва кийимларини алмаштирган шахсни кўрсатади. Қотилни қўлга олиш вақтида унинг ёнидан Вадим Соколов номига тайёрланган Россия паспорти ва тўппонча топилади.