Жаҳон | 15:40 / 10.08.2024
2367
3 дақиқада ўқилади

Кипрда ҳибсга олинган россиялик АҚШдаги суд олдида жавоб беради

33 ёшли Артур Петров қарийб бир йил қамоқда ўтирганидан сўнг Кипрдан АҚШга экстрадиция қилинди. У санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россияга катта миқдорда микроэлектроника етказиб беришда айбланмоқда.

Фото: picture-alliance/dpa/L. Jie

Қўшма Штатлар Россия ва Германия фуқароси Артур Петровни экспорт назоратини бузиш, контрабанда, пул ўтказмалари ва пул ювиш билан боғлиқ жиноятлар учун Кипр Республикасидан экстрадиция қилинганидан кейин дастлабки судга чақирди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигининг 9 август, жума куни чоп этилган пресс-релизида айтилади.

«Петров ва унинг шериклари экспорт назоратини бузган ҳолда сотиб олган технологиялар муҳим ҳарбий қўлланмага эга бўлиб, Украинадаги жанг майдонида Россия ҳарбий техникасидан топилган турли электрон компонентларни ўз ичига олади. Улар ракеталар, дронлар ва радиоэлектрон кураш ҳамда алоқа қурилмаларида аниқланди», — дейилади вазирлик матбуот хизматида.

Россиялик саккизта банд бўйича айбланади, уларнинг ҳар бири 5 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади. «Федерал округ суди судяси ҳукмни АҚШнинг жазо тайинлаш бўйича кўрсатмалари ва бошқа қонуний жиҳатларни кўриб чиққандан сўнг белгилайди», - дея аниқлик киритади АҚШ Адлия вазирлиги.

Петров деярли бир йил олдин ҳибсга олинган

Россия ва Германия фуқароси бўлган 33 ёшли Артур Петров 26 август куни Кипрда АҚШ талабига биноан ҳибсга олинди. Петров Россияга АҚШда ишлаб чиқарилган, ракеталар ва дронлар, электрон уруш тизимлари ва алоқа воситаларида қўлланадиган микроэлектроника контрабандасида айбланди. Бундай маҳсулотларни Россияга етказиб бериш АҚШ қонунчилиги билан тақиқланган. 

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Петров икки шериги (исмлари номаълум россияликлар) билан бирга 2022 йил февралидан 2023 йил августигача Россиянинг ҳарбий-саноат корхоналарига маҳсулот етказиб берадиган «Электроком ВПК» МЧЖ учун Америка фирмаларидан катта миқдорда электроника сотиб олган. Контрабандачилар етказиб бериш Россияга мўлжалланганини яшириш учун учинчи мамлакатларда рўйхатдан ўтган сохта юридик шахслардан фойдаланган. 

Россияга санкцияларни четлаб ўтган ҳолда маҳсулот етказиб бериш

2022 йил декабр ойида Нью-Йорк Шарқий округи федерал округ суди беш нафар Россия фуқароси ва икки АҚШ фуқаросини санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида Россия мудофаа саноати учун электроника контрабандасини ташкил қилишда айблади. Америка томони «ФСБ» зобити деб ҳисоблаган россиялик Вадим Коношченок икки марта Эстония-Россия чегарасида Америкада ишлаб чиқарилган электрон бутловчи қисмлар ва патронлар билан тўхтатилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид