NYT сўрови: Ҳаррис Трампдан учта асосий штатда ўзиб кетди
Камала Ҳаррис Мичиган, Висконсин ва Пенсилвания штатларида Доналд Трампдан тўрт фоизга олдинда. АҚШ вице-президентини иккиланаётган штатларда сайловчиларнинг 50 фоизи, собиқ президентни эса 46 фоизи қўллаб-қувватламоқда.
АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис учта муҳим штат – Мичиган, Висконсин ва Пенсилванияда Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трампни ортда қолдирди. Буни The New York Times газетаси ва Siena College тадқиқот институти томонидан 10 август куни эълон қилинган сўров натижалари тасдиқлайди.
5-9 август кунлари ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ҳарриснинг Трампдан устунлиги тўрт фоиз пунктини ташкил этади - мос равишда 50 фоиз ва 46 фоиз овоз. NYT қайд этишича, Пенсилванияда Ҳарриснинг рейтинги бир ой ичида 10 фоизга ошган.
Нашр вице-президентнинг муваффақиятини унинг Мичиган, Висконсин ва Пенсилванияга яқинда қилган сайловолди ташрифлари билан боғлайди. Сайловчилар билан учрашувлар, жумладан, вице-президентликка номзод Тим Уолц ҳам қатнашган тадбирларда Ҳаррис республикачи рақибини иқлим ўзгариши бўйича позицияси учун қаттиқ танқид қилди. Бироқ, сўров маълумотларига кўра, иккиланаётган штатлари аҳолиси ҳали ҳам АҚШ учун долзарб бўлган миграция ва иқтисодиёт масалаларида Трампни афзал кўришади.
Сўровда қатнашган сайловчиларнинг 47 фоизи Трампдан мамлакат учун «жуда ёмон» бўладиган ўзгаришлар қилишини кутишаётганини айтишган бўлса, Ҳаррис ҳақида шундай фикр билдирган респондентлар 37 фоизга тенг. Сайловчилар, шунингдек, вице-президентни АҚШ президентлигига Трампдан кўра ақлли ва темпераментли номзод деб ҳисобламоқда.
Ҳаррис ва Трампнинг дастлабки дебатлари
АҚШ президентлигига номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп 10 сентябр куни теледебатда учрашади. Бу ҳақда 8 август куни баҳсга мезбонлик қиладиган ABC телеканали маълум қилди. «Вице-президент Ҳаррис ва собиқ президент Трамп иштирок этишларини тасдиқлашди», дейилади канал хабарида.
АҚШнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманида республикачи номзод Трамп сентябр ойида Fox News, ABC ва NBC телеканалларида 4, 10 ва 25 сентябр кунлари учта теледуэл ўтказишни таклиф қилди. Трампнинг сўзларига кўра, бу саналар аллақачон телекомпаниялар билан келишиб олинган, бироқ вице-президент Ҳаррис жамоаси ўз иштирокини ҳали тасдиқлагани йўқ.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
15:09 / 09.11.2024
ЕК раҳбари Трампга РФ газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди
13:48 / 09.11.2024