Президент бошчилигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтказилаётган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, Қорақалпоғистон аҳолисини рози қилиш, ҳаётини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш бўйича ҳудуд раҳбариятида ташаббускорлик етишмаётгани, туман ҳокимлари эса бунга масъулиятсизлик билан ёндашаётгани кўрсатиб ўтилди. Амалга оширилаётган ишлар етарли эмас, деб топилди.
Йил бошидан Бўзатов, Беруний, Қораўзак, Кегейли, Мўйноқ, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли ва Шуманайда инвестисия 5 миллион долларга ҳам етмагани қайд этилди. Инвестисия ҳисобига ташкил қилинган баъзи корхоналар ишламаётгани, ҳудудда экспорт 100 миллион доллардан кам бўлгани танқид қилинди.
Йил бошидан Қорақалпоғистондаги корхоналар 350 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланди. Натижада тадбиркорлар “соя”дан чиққани, фаолиятини кенгайтиргани ҳисобига 4 минг аҳоли ишли бўлди. Лекин, имтиёз олган айрим корхоналарда иш ўринлари камайган.
Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларини “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди.
"Қорақалпоғистонда бизнес учун яратилган имконият ва шароит бошқа бирорта вилоятда йўқлиги ҳисобга олинса, шаҳар-туман ҳокимлари бу имкониятларни лойиҳа ва иш ўрнига айлантира олганда, кўрсаткичлар 5-10 карра юқори бўларди", — деди давлат раҳбари.
Президент Қорақалпоғистон туман ва шаҳар ҳокимлари масъулиятини ошириш бўйича янги тизим бўлишини таъкидлади.
Бунда, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар ойда ўзига бириктирилган биттадан вилоятга боради, улардаги яхши тажрибаларни ўрганади ва туманида жорий қилади. Тадбиркорларга ўз ҳудудидаги салоҳият ва устун жиҳатларни тадбиркорларга тақдимот қилади, камида 5 тадан ташаббускор топиб, ўз туманига олиб келади ва лойиҳани бошлайди.
Ҳафтада бир кунни тўлиқ тадбиркор ва инвесторларга ажратиб, муаммосига ечим топади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон ҳудудлари билан бошқа вилоятлардаги туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича ҳар йили инвестисия форуми ўтказилади.
Йиғилиш давомида Қорақалпоғистонда амалга оширса бўладиган яна 9,5 миллиард долларлик 120 та истиқболли лойиҳалар тайёрлангани таъкидланди.
Сентябр ойида Қорақалпоғистонда йирик Инвестиция форумини ўтказиш режа қилинган. Масъулларга форумга пухта тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берилди.

















