Росгвардия гаровга олинганларни озод қилиш амалиёти муваффақиятли якунлангани ҳақида маълум қилди. Росгвардиянинг махсус топшириқли бўлинмаси Волгоград области Суровикино шаҳрида 19-сонли колонияда 23 август куни ўтказилган штурм чоғида одамларни гаровга олган тўрт  маҳбусни ҳам йўқ қилди.

«Росгвардиянинг Волгоград области бўйича махсус бўлинмаси мерганлари тўртта аниқ ўқ отиш орқали колония ходимларини гаровга олган тўрт маҳбусни йўқ қилди. Гаровдагилар озод этилган», — деган «Интерфакс»га идорадаги манба.

19-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинаётган тўрт маҳбус 23 август куни колония ходимларини гаровга олганди. Волгоград области губернатори Андрей Бочаровнинг хабарига кўра, колонияга ҳужумдан кейин Федерал жазони ижро этиш хизматининг тўрт ходими шифохонага ётқизилган. 

Федерал жазони ижро этиш хизмати қамоқхонада жами саккиз киши гаровга олингани ҳақида маълумот берган.

Маҳбуслар ходимлардан тўрт нафарини тиғ билан жароҳатлаган, шундан уч нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна тўрт ходим штурм бошланишидан олдинроқ шифохонага ётқизилган, улардан бири шифохонада жон берган. 

Шу тариқа, қамоқхонадаги ҳодиса оқибатида жами саккиз киши ҳалок бўлгани, штурм давомида фақат бир киши озод этилгани маълум бўлмоқда.

Фото: Росгвардия

Ҳужум қилганлар ҳақида нималар маълум?

ТАСС дастлаб оператив хизматларга таянган ҳолда исён кўтарган маҳбуслар сони камида уч нафарлиги, уларнинг барчаси 19-сонли колонияга қамалганлар экани ҳақида маълумот тарқатди.

Baza улар ИШИДга алоқадорлигини эълон қилгани ҳақида хабар тарқатди. Бу маълумот ҳозирча расмий тасдиқланмаган.

Кейинроқ ТАСС суд ҳукмларига таяниб, 19-сонли колонияда ходимларни гаровга олган гуруҳдаги уч киши гиёҳвандлик моддалари савдоси учун, яна бири муштлашув чоғида одам ўлдиргани туфайли қамалгани ҳақид хабар тарқатди.

Baza, Shot ва «Осторожно, новости» телеграм-каналларида уларнинг фотолари ва шахсий маълумотлари эълон қилинди.

Каналлар маълумотига кўра, гаровга олишда қуйидаги тўрт киши иштирок этган: 28 ёшли Рамзиндин Тошев ва Назиржон Тошов, 23 ёшли Рустамжон Наврўзий ва 29 ёшли Темур Ҳусинов.