Ўзбекистонга импорт қилинган автомобилларни техник синовдан ўтказиш учун навбат олиш ажиотажга айланиб кетди. Kun.uz жараён қандай кечаётгани, тадбиркорлар қанақа муаммоларга дуч келаётгани ҳақида импортёр ва автодекларант тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Импорт автомобиллар 2024 йил ноябрдан бошлаб божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги автополигон ҳудудида қурилган лабораторияда техник синовлардан ўтказилмоқда. Бу ерда импорт автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий этилган. Бу текширувлардан ўтмаган автомобилларга мувофиқлик сертификати берилмайди.

Лабораторияга навбатлар ноябр ойидаёқ юзага келган, натижада масъуллар навбат олишни электрон шаклга ўтказиб қўйганди. Лекин табиийки, бу билан навбатлар камайгани йўқ. My.gov.uz порталида навбат олиш ҳар куни тунги соат 00:00 да, фақатгина икки ҳафтадан кейинги кун учун очиляпти ва бир дақиқага бормасдан тугаб кетяпти. Кимнинг омади келса, навбат олади, ололмаганлар эса эртаси куни ярим тунда яна уриниб кўриши керак.

Аслида бундай навбат юзага келиши аввалдан маълум эди. Чунки Пискентдаги синов маркази кунига 100-120 тагача автомобилни текшира олади. Бу – кунлик талабдан сезиларли кам.

Kun.uz вазият юзасидан “King Motors” автосалони асосчиси, импортчи тадбиркор Хуршид Маҳамадов ва “Autodeklarant” канали муаллифи Азизбек Бердиев билан суҳбатлашди.

1,5 минутда нимани текширишади?”

Азизбек Бердиев: 15-20 кунлик навбатлар пайдо бўлган. Авваллари ҳам бошқа жойларда машиналарни техник кўрикдан ўтказишарди ва бу вақт олмасди. Ҳозир лимитлар қўйилган. My.gov.uz орқали сиз навбат олмоқчи бўлсангиз, масалан, эрталаб 8:00 дан 8:15 гача навбат беради. Яъни автомобилингиз 15 минут оралиғида текширилади деб айтишади. Лекин сиз соат 8 га борсангиз, сиз билан бирга 10 та автомобилни киргизишади. Бу 10 та автомобил 15 минутда текширувдан ўтганини англатади.

Менда видеолар бор, 10 минутда 15 та автомобил текширилади. Савол: бир ярим минутда битта автомобил текширилаётган бўлса, нимани текширишади улар?