Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Ғазони бутунлай ёпмоқда

Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрини буфер зонага қўшишни режалаштирмоқда. Haaretz нашри ёзишича, бу минтақа 75 км квадратни қамраб олиб, Ғазонинг қарийб бешдан бир қисмини ташкил этади.

Бу қарор амалга ошса, Ғазо тўлиқ Исроил назоратидаги ҳудудлар билан ўралган, Миср билан боғланишдан узилган эксклавга айланади. Филаделфия коридори ва Моранг маршрути оралиғида, урушдан аввал 200 мингга яқин аҳоли яшаган. Ҳозир бу ҳудуд деярли бутунлай вайрон ва аҳоли қочган.

Исроил армияси жанубда ҳам шимолдаги буза-буз тактикасини қўллаётгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳаракатлар 18 мартда бошланган янги ҳужум фонида кечмоқда. Унда 1600 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 4000 нафардан кўпроғи яраланди, тинчлик ва тутқунлар алмашинуви бўйича келишув эса бузилди.

АҚШнинг иккинчи авиаташувчиси Яқин Шарққа етди

АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, минтақада иккинчи авиаташувчи кема — USS Carl Vinson фаолият бошлади.

У эндиликда USS Harry Truman билан биргаликда Қизил денгизда ҳусийчилар позицияларига қарийб ҳар куни зарба бермоқда. Ушбу авиаташувчи Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралардан бор-йўғи икки кун аввал акваторияга кирди — гап Ўмонда АҚШ ва Эрон ўртасида ўтаётган учрашувлар ҳақида бормоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг ҳарбий фаоллиги минтақада кескинликни янада оширади. Бу янги тўқнашувлар ва дипломатик зиддиятлар даврини бошлаб бериши ҳам мумкин.

Трамп Россияни урушни тугатишга чақирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни «даҳшатли ва бемаъни» деб атаб, Россияни тинчликка эришиш учун ҳаракат бошлашга чақирди. Унинг таъкидлашича, у президент бўлганида бу уруш умуман бошланмас эди.

Таҳлилчилар Трамп илк марта урушни тўхтатиш масаласида Украинани тилга олмаганини қайд этишмоқда.

Fox News манбасига кўра, Трамп Россия расмийларини музокараларни чўзиб юборишда айбламоқда ва Владимир Путиндан «ҳафсаласи пир бўлган». Шу сабаб Оқ уй Россиянинг «хуфиёна флоти»га қарши янги санкциялар устида иш олиб бормоқда.