Ўзбекистон | 17:17 / 22.07.2024
55788
4 дақиқада ўқилади

“Пулингизни бир соатда 10 бараварга кўпайтириб бераман” – Ўзбекистонда янги молиявий пирамида пайдо бўлди

Telegram’да пайдо бўлган “Uzbekiston investuz” канали одамларга 1,5 млн сўм пулини 60 дақиқада 20 млн сўм қилиб қайтариб беришни ваъда қилмоқда. Ўзини лойиҳа раҳбари деб таништирган Муҳаммадфозил Қодиров исмли йигит гўёки ҳаммаси қонуний экани, лицензияси борлигини айтиб, “Фотошоп”да ясалган сохта суратлар билан одамларни лаққа туширмоқчи.

Ўзбекистонда янги молиявий пирамида пайдо бўлди. Telegram’даги “Uzbekiston investuz” каналида одамларга пулини бир соатда кўпайтириб бериш ваъда қилинмоқда. Каналда бир нечта фуқаронинг лойиҳага пул тикиб, катта миқдорда маблағ ютиб олгани ҳақидаги видеолавҳалари жойлаштирилган.

Uzbekiston investuz”га 1 млн 250 минг сўм тиккан эдим. Бир соатда 14 млн 693 минг сўм ютуқ чиқди. Ҳаммаларингизга раҳмат”, дея таъкидлаган “лойиҳа мижози” бўлган аёл.

Uzbekiston investuz”га кириб, 1 млн 255 минг сўм пул ташлаб, 1 соатда 19 млн 693 минг сўм ютиб олдим. Ишончли ўйин экан, сизлар ҳам ўйнанглар”, деган яна бир “мижоз”.

Бу қандай лойиҳа эканини аниқлаш ҳамда шартлар билан танишиш мақсадида мижоз сифатида “бизнес” раҳбари билан боғландик. Ўзини Муҳаммадфозил Қодиров деб таништирган йигит бу иши давлат назоратидан ўтганини таъкидлади. У лойиҳага ишонишимиз учун шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ҳамда фотошоп дастурида тайёрланган сохта сертификат ва лицензиясини ҳам ташлаб берди.

Муҳаммадфозил Қодировга кўра, лойиҳа шартлари жуда оддий: пул тикасиз ва бир соатдан сўнг пулингизни 10-13 бараварга кўпайтириб, қайтариб оласиз. Лойиҳа 5 та тарифдан иборат бўлиб, 300 минг сўм тўлаган 5-6 млн сўмгача, 500 минг сўм тўлаган 6 млн сўмгача, 800 минг сўм тўлаган 8 млн сўмгача, 1 млн сўм тўлаган 15 млн сўмгача ҳамда 1,5 млн сўм тўлаган 20 млн сўмгача “ютиб олиши” мумкин экан.

Пулни Акрам Қурбонов исмли фуқаро номига очилган банк картасига ташлаш сўралган.

Пулни ўтказасиз ва чекини ташлайсиз. Кейин биз ишни бошлаймиз. 1 соатда пулингизни кўпайтириб оласиз. Бизда ютқазиш бўлмайди. Ишимизни давлат ўз назоратига олган”, дея таъкидлади Муҳаммадфозил Қодиров.

Лойиҳа раҳбари “пулим ниманинг ҳисобига кўпаяди?” деган саволга “Бизга биржа фоиз ажратади”, дея жавоб қайтарди.

Катта эҳтимол билан Муҳаммадфозил Қодиров исми ва ушбу номдаги ID карта ҳам сохта бўлиши мумкин. Бу ўринда аниқ бўлган ягона маълумот пул тўпланаётган банк картаси эгаси Акрам Қурбонов шахси ҳисобланади холос.

Мазкур “бизнес” навбатдаги молиявий пирамида экани яққол кўриниб турибди. Чунки у ҳеч қандай биржа фоизлари эмас, “бошқалардан тушган пул эвазига аввалига бир нечта фуқарога пулини кўпайтириб бериш ҳамда мижозлар сони ортиб, катта маблағ йиғилганида бирданига “қуён бўлиш” схемаси асосида тузилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ижтимоий тармоқлар орқали одамларни очиқ-ойдин чув туширишга “шайланаётган” “Uzbekiston investuz”ни текшириб кўриши зарур. Агар вақтида олди олинмаса яна юзлаб инсонлар бу алдов – навбатдаги молиявий пирамида қурбони бўлиши мумкин.

Шунингдек, “бунча пул тикиб, шунча маблағ олдим” дея видео лавҳа тайёрлаб бераётган фуқароларнинг ҳам жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилиши керак. Чунки айнан улар одамларни ишонтириб, молиявий пирамидачиларнинг тегирмонига сув қуймоқда.

Kun.uz юртдошларимизни яна бир бор бу каби ишончсиз, кафолатланмаган ва хавфли лойиҳаларга пул тикмасликка чақиради.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид