Марказий Осиёда ифлос ҳаво – одамларнинг қотилига айланди, ҳар йили 65 минг киши экология сабаб вафот этмоқда. Қирғизистонда давлат тилини билмаган амалдорлар энди жаримага тортилади. Қозоғистонда таниқли медиа вакилларининг рекламасига учиб алданаётганлар сони кўпайиб кетди. Эрон-Исроил уруши фонида Туркманистон 50 дан ортиқ давлатларга фуқароларини олиб чиқиб кетиш учун ёрдам берганини маълум қилди. Ўш шаҳрида ижтимоий ётоқхона қурилди, кўчада қолиб кетганлар бемалол келиб яшаб туриши мумкин.

Қирғиз тилини билмаганлар жаримага тортилади

Қирғизистонда давлат тилини билмаган амалдорлар энди жазоланади, мамлакатда қирғиз тилининг мақоми оширилмоқда. Депутатлар давлат тилини қўллаш билан боғлиқ қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Янги тузатишларга кўра, парламент депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси раиси ва аъзолари, конституциявий, олий ва маҳаллий судлар судялари, прокурор терговчилар, миллий банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда миллий хавфсизлик ходимлари бундан буёғига давлат тилини билиши шарт.

Шунингдек, адвокатлар ва нотариуслар ҳам қирғиз тилини етарли даражада билмаса, лицензия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Телевидение ва радиодаги кўрсатув ҳамда эшиттиришларнинг камида 60 фоизи давлат тилида бўлиши мажбурий қилиб белгиланди.

Давлат тилини етарли даражада билмаслик энди мамлакатда доимий яшаш учун рухсатнома беришни рад этишга асос бўлади. Чет эл фуқаролари ҳам қирғиз тилини билмаса, иммигрант мақомини ололмайди.

Давлат тилида тайёрланган реклама матни тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ва имло қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим. Бундай матнларни маҳаллий ҳокимият органлари кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Тил қонунчилигини бузган жисмоний шахслар 5 минг қирғиз соми (тахминан 711 минг сўм), юридик шахслар эса 17 минг сом (салкам 2 миллион 416 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади. Қоидабузарликларни кўриб чиқиш ва жарима солиш ваколати Давлат тили ва тил сиёсати бўйича Миллий комиссияга юклатилди.

Ифлос об-ҳаво йилига 65 минг кишини ўлдиряпти

Ифлосланган ҳаво Марказий Осиёда аҳолининг қотилига айланган, ҳар йили минтақада 65 минг киши ҳаво сабаб вафот этмоқда. Бу ҳақида Жаҳон банки ўз ҳисоботида маълум қилди. “Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш” номли ҳисоботда келишича, ҳар йили PM 2.5 майда зарралари келтириб чиқарган касалликларни деб 65 мингдан ортиқ одам вафот этмоқда. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ортидан келиб чиққан эрта ўлимлар минтақада камида 17,8 млрд доллар миқдорида иқтисодий йўқотишларга олиб келяпти.