1871 йилда француз биологи Алфонс Милн-Эдвардс илгари фанга маълум бўлмаган улкан турнани алоҳида йўқолиб кетган тур сифатида тавсифлаган. Унга Grus primigenia номи берилган.
Олим бу қушнинг тошқотган суякларини Франция жанубидаги бир нечта ғордан топган. Улар ҳозирги турналарнинг худди шундай суякларига нисбатан анча йирик бўлган. Қолдиқлар кечки плейстоценга, яъни сўнгги музлик даврининг охирига — тахминан 20 минг–11,7 минг йил аввалги даврга мансуб эди.
Кейинчалик шунга ўхшаш йирик турна суяклари Европанинг бошқа ҳудудларидан ҳам бир неча бор топилган. Бироқ улар айнан қайси турга тегишли экани ҳақидаги баҳслар узоқ вақт давом этган.
Олимлар бир нечта тахминни илгари сурган. Айрим мутахассислар бу суяклар ҳозир ҳам мавжуд бўлган ҳинд турнаси — Antigone antigone ёки оқ турна, яъни стерх — Leucogeranus leucogeranusга тегишли бўлиши мумкинлигини айтган. Бошқа фаразга кўра, қолдиқлар оддий кулранг турнанинг — Grus grusнинг жуда йирик вакиллариники бўлган.
Буюк Британиядаги Борнмут университетининг эволюцион палеоэкология профессори Жон Стюарт бошчилигидаги халқаро гуруҳ янги тадқиқотда айнан сўнгги тахминни қувватловчи далилларни топди. Натижалар Royal Society Open Science журналида эълон қилинди.
Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, Grus primigenia деб аталган қадимги улкан турнани алоҳида йўқолиб кетган тур деб ҳисоблашга асос йўқ. Ўрганилган суяклар бугун ҳам Европада учрайдиган кулранг турнанинг йирик вакилларига тегишли бўлган.
Аввалги ишлар асосан суякларнинг ўлчами ва шаклини таққослашга таянган. Янги тадқиқотда эса олимлар Швециянинг Стокгольм шаҳридаги Палеогенетика маркази билан ҳамкорликда қадимий ДНКни таҳлил қилган.
Бунинг учун Англия, Уэльс, Франция, Германия ва Балеар оролларидан топилган 18 та суяк намунаси ўрганилди. Уларнинг бир қисми кечки плейстоценга, бошқа қисми эса сўнгги голоценга мансуб бўлган. Сўнгги голоцен тахминан 4200 йил аввал бошланган ва ҳозиргача давом этаётган даврни қамраб олади.
Генетик таҳлил барча намуналар Grus grus, яъни кулранг турнага тегишли эканини кўрсатди. Улар орасида ҳозирги кулранг турналардан йирикроқ қушлар ҳам, ўлчами бугунги вакилларига мос келадиганлари ҳам бўлган.
Олимлар қадимий ДНК ёрдамида қушларнинг жинсини ҳам аниқлади. Бу муҳим эди, чунки ҳозирги кулранг турналарда эркак ва урғочи қушларнинг гавда ўлчами сезиларли фарқ қилади: эркаклари урғочиларидан анча йирик бўлади. Фанда бу хусусият жинсий диморфизм деб аталади.











