Япониялик олим инсониятнинг бошқа ақлли цивилизациялар билан алоқада бўлиш имкониятини назарий жиҳатдан ҳисоблашга уринди. У Галактикада ўзга цивилизациялар мавжуд бўлган тақдирда ҳам, улар билан алоқа ўрнатиш имконияти деярли нолга тенг, деган хулосага келди. Бу бизнинг ёлғизлигимиз Сомон йўлининг Қуёш тизимидан ташқари қисмида ҳаёт йўқлигини қатъий тасдиқлаш учун асос бўла олмаслигини англатади.
Ҳозирги баҳоларга кўра, Сомон йўлида Қуёшга ўхшаш миллиардлаб юлдузлар — сариқ миттилар бор. Улар миллиардлаб йил давомида «ёнади» ва нисбатан кучсиз чақнашлар ҳосил қилади. Ҳатто энг эҳтиёткор ҳисоб-китобларга кўра ҳам, миллионлаб шундай юлдузлар атрофида ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳудудда камида битта қаттиқ сиртли сайёра бўлиши керак. Бу сув айнан суюқ ҳолда мавжуд бўлиши ва узоқ вақт сақланиши мумкин бўлган ҳудуддир.
Шу тасаввурларга таяниб, америкалик астрофизик Фрэнк Дрейк 1960-йиллар бошида машҳур тенгламасини тузган. Унинг ёрдамида бизнинг ёки исталган бошқа галактикада мавжуд бўлиши мумкин бўлган ақлли цивилизациялар сонини ҳисоблашга уриниб кўриш мумкин. Албатта, бу тенглама орқали цивилизацияларнинг аниқ сонини билиб бўлмайди. Бироқ умумий ҳисоб-китоблар улар кўп бўлиши кераклигини кўрсатади. Шу қадар кўпки, бу Ферми парадокси номи билан машҳур саволни туғдирган: «Унда уларнинг барчаси қаерда?»
Япониянинг Тохоку университети ҳузуридаги Илғор фанлараро тадқиқотлар институти мутахассиси Кодзи Цумура бу мавзуга бир қатор илмий ишларини бағишлаган. У энг дадил фараздан келиб чиқишга қарор қилди: бошқа ақлли цивилизациялар ҳақиқатан ҳам мавжуд, улар бир-бирини излайди ва ҳатто бутун галактикани қамраб олган алоқа тармоғини яратган. Тадқиқотчи бундай шароитда алоҳида бир цивилизация, масалан, инсониятнинг ушбу тармоққа уланиши қай даражада мумкинлигини ўрганди.
arXiv.org препринтлар серверида жойлаштирилган мақолаларидан бирида олим бу имконият кўп жиҳатдан цивилизациянинг қаерда жойлашганига боғлиқлигини тушунтирган. У галактиканинг шундай «овлоқ» қисмида бўлиши мумкинки, «суҳбатдошлар» топишга деярли умид қолмайди. Демак, инсоният ҳам Сомон йўлининг ана шундай чекка ҳудудида қолиб кетмаганини аниқлаш керак. Бунинг учун галактиканинг ҳаёт учун яроқли ҳудуди деб аталадиган, мураккаб ҳаётнинг пайдо бўлиши ва узоқ муддат ривожланиши эҳтимоли энг юқори бўлган минтақанинг чегараларини белгилаш зарур.
Умуман олганда, бунинг учун галактикада учта асосий шарт бажарилиши керак: таркибида оғир элементлар кўп бўлган юлдузларнинг мавжудлиги, уларнинг узоқ «умр кўриши» ва яқин атрофда ўта янги юлдузлар портлашининг бўлмаслиги. Дастлабки икки шарт галактика марказига яқинроқ ҳудудларда яхшироқ таъминланади. Учинчи шарт нуқтаи назаридан эса, аксинча, чеккадаги «осойишта маҳалла» қулайроқ.













