Ўзбекистон | 10:57 / 12.09.2024
5515
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Muhteshem doner кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилди

Кафеда овқатланган 23 киши овқатдан заҳарланган. Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус сабаб бўлгани ҳақида хулосага келинган.

Фото: anons.uz

ССВ матбуот хизмати Тошкент шаҳридаги ресторанларнинг бирида оммавий заҳарланиш юз бергани ва жабрланувчилар шифохонага ётқизилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6-8 сентябр кунлари пойтахтда овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 киши шифохоналарга ётқизилган, шундан 22 нафари Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
 
Дастлабки ўрганишларга кўра, уларнинг барчаси 2024 йилнинг 5 сентябр куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ниёзбек йўли кўчаси, 2-уй 2-А-хонадонда жойлашган МЧЖ “MUHTESHEM DONER” кафесида бир неча турдаги таомларни истеъмол қилгани маълум бўлди. 

Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланган ва 12 сентябр 09.00 ҳолатига уларнинг 13 нафарига уйларига рухсат берилган. Қолган 10 нафар беморга даволаш муолажалари давом эттирилмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Айни пайтда барча беморларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда.

Бугунги кунга келиб, Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан “MUHTESHEM DONER” кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.

Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган хулосага келинмоқда.

Мавзуга оид