Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида болалар ўртасидаги футбол турнирида қатнашиш учун Қозоғистондан келган жамоа вакиллари овқатдан заҳарланди. Бу ҳақдаги маълумотни Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати тасдиқлади.

Вазирлик хабарига кўра, 2026 йил 1 ноябр куни футбол мусобақасида иштирок этиш учун Қозоғистондан Ўзбекистонга келган 20 нафар бола ва уларнинг яқинлари Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада нонушта вақтида ярим қовурилган тухум ва сосиска истеъмол қилган. Шу куннинг ўзида уларнинг 13 нафарида қайт қилиш, ич кетиш, қорин оғриғи ва тана ҳарорати кўтарилиши каби белгилар кузатилган.

Шундан сўнг улар тез тиббий ёрдам хизмати томонидан Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига олиб келинган.

Бу ерда уларга зарур биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнг беморлар 5-сонли шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасига ўтказилган. 2-3 ноябр кунлари яна 7 нафар киши ҳам юқоридаги белгилар билан ушбу тиббиёт муассасасига олиб келинган.

Ўтказилган текширувлар асосида шифохонага келтирилган жами 20 нафар бола ва уларнинг яқинларига «ўткир диарея» дастлабки ташхиси қўйилган. Уларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даволаш муолажалари олиб борилган.

«Ҳозирда 2 кишига рухсат берилган. Қолган 18 нафар беморнинг аҳволи барқарор, қониқарли. Реанимация бўлимида даволанаётган беморлар йўқ. Беморлар юқори малакали шифокорлар кузатуви остида бўлиб, уларни даволаш учун барча зарур шароитлар яратилган», – дейилади хабарда.

Параллел равишда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 276-13-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.