Фарғона шаҳрида боғча болалари овқатдан заҳарлангани гумон қилинмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, шаҳардаги 2, 7 ва 47-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирувлар учун ушбу боғчаларда болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ўрганилган. Жумладан, нонушта, тушлик ҳамда кечки тамаддида истеъмол қилган маҳсулотлари, ушбу маҳсулотларни етказиб берувчилар аниқланган.
“Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёр таомлардан бактериологик текширувлар учун намуналар олинган. Айни вақтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда”, дейилади муносабатда.
Қўшимча қилинишича, 26 октябр соат 11:00 ҳолатига 28 нафар бола юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг умумий аҳволи барқарор, оғир аҳволдаги беморлар йўқлиги билдирилган.
Шунингдек, 23 нафар боланинг умумий аҳволи қониқарли деб баҳоланганлиги сабабли уларга уй шароитида даволаниш учун рухсат этилган.
Фарғонада аввалроқ ҳам боғчаларда болалар оммавий заҳарланганди. Кейинчалик Фарғона ва Қувасой шаҳарларидаги давлат боғчаларига кейтеринг асосида овқат етказиб берган фирма ҳеч қандай танловсиз вилоят ҳокими имзолаган қарор билан ушбу имкониятни қўлга киритгани аниқланганди.

















