Қозоғистоннинг Қарағанда областидан бўлган ёш футболчилар, шунингдек, делегациянинг катта ёшли вакиллари Тошкентда овқатдан заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилди. Улар Ўзбекистонга Do’stlik Cup 2026 номли халқаро футбол фестивалида иштирок этиш учун келишганди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига кўра, бу ҳақда элчихонага 1 ноябр куни маълумот келиб тушган. Консул Сакен Пердебеков дарҳол 5-сонли шаҳар клиник юқумли касалликлар шифохонасига етиб борган ва жабрланувчиларнинг ҳолидан хабар олган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, 31 октябр куни меҳмонхонада қилинган нонуштадан кейин болаларнинг аҳволи ёмонлашган.

Жами 19 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Айни вақтда 17 киши шифохонада қолмоқда, шундан 11 нафари болалар, 6 нафари катта ёшлилар. Барча беморларнинг аҳволи барқарорлиги ва уларга зарур муолажалар кўрсатилаётгани қайд этилган.

Касалхонага Қозоғистон элчиси ҳам ташриф буюрди. У даволаниш жараёни билан танишди ва жабрланганларнинг ота-оналари билан учрашди. Тиббий ёрдам кўрсатиш масаласи унинг назоратида, дейилади хабарда.

Вазият Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Отабек Имомовнинг назоратида бўлиб турибди.

Даволаш жараёнига Тошкент тиббиёт академияси профессори, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари ҳамда бошқа тегишли экспертлар ҳам жалб этилган.

Ташкилотчилар ҳам жабрланувчиларга ёрдам кўрсатмоқда. Турнирнинг Instagram саҳифасида жамоалар ва ота-оналардан узр сўралган. Ташкилотчилардан бири бу ҳолат тўрт йилдан ортиқ вақтдан буён ҳамкорлик қилиб келинган меҳмонхонада содир бўлганини тахмин қилган.

Ҳозирда ташкилотчилар бемор болаларнинг аҳволи яхшилангач, уларни самолётда уйларига хавфсиз қайтариш устида иш олиб бормоқда.

Бундан ташқари, рўй берган вазият сабаб мусобақанинг биринчи босқичи тақдирлаш маросими бекор қилиниб, иккинчи босқични кўчириш ёки бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.