Жаҳон | 11:36 / 12.09.2024
1577
2 дақиқада ўқилади

Европа компаниялари Хитой билан бизнесини қайта кўриб чиқмоқда

Кўпгина Европа компаниялари учун Хитойда бизнес қилиш тобора камроқ жозибадор бўлиб бормоқда. Пекинда Европа Иттифоқи Савдо палатаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, хавфлар ортиб бормоқда ва фойда камаймоқда.

Фото Zhai Huiyong / VCG via Getty Images

Европа корхоналари Хитойдаги бизнес фаолиятини тобора кўпроқ қайта кўриб чиқмоқда. «Хавфлар ортиб бормоқда ва фойда камайиб бормоқда. Ҳозирда кўплаб инвесторлар Хитой бозоридаги муаммолари узоқ муддатли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги реалликка дуч келишмоқда», дейилади Европа Иттифоқи Савдо палатаси 11 сентябр, чоршанба куни эълон қилган тадқиқотда.

Хитойда фаолият юритаётган 1700 та Европа компаниялари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Европа корхоналари орасида энг катта ташвиш ХХРнинг ҳозирги иқтисодий заифлигидир. Яна бир муҳим муаммо - бу Хитой ҳукуматининг геосиёсий кескинлик ва ноаниқ тартиб-қоидалари фонида Хитойда ишбилармонлик муҳити тобора сиёсийлашуви.

Хитой иқтисодиёти ҳали ковид пандемияси оқибатларидан қутулгани йўқ

Коронавирус пандемияси сабаб бўлган чекловлар бекор қилинганидан кейин Хитой иқтисодиёти тўлиқ тиклангани йўқ. Мамлакатда истеъмол муҳими ҳали ҳам паст, кўчмас мулк инқирози иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига салбий таъсир кўрсатмоқда, ёшлар ишсизлиги юқори. ХХР раҳбарияти жорий йил учун иқтисодий ўсишни беш фоизга прогноз қилмоқда, бироқ экспертлар бу прогнозларни амбицияли деб ҳисобламоқда.

Июл ойида Хитой Коммунистик партияси ислоҳотларни илгари суриш тўғрисида қарор қабул қилди, бироқ ўшандан бери аниқ қарорлар эълон қилинмади. ККП марказий қўмитасининг пленумида қабул қилинган дастур, «хавфсизликнинг устувор йўналишлари ортиб бораётган бир шароитда, хусусий секторга эмас, балки давлат секторига устунлик берилиши мумкинлигини» кўрсатади, деб таъкидлайди Европа Иттифоқининг Хитойдаги Савдо палатаси.

Хорижий компаниялар Хитойнинг контрразведка ва халқаро муносабатлар соҳасидаги қонунлари туфайли тобора кўпроқ муаммога дуч келмоқда. «Бу кўпроқ ҳуқуқий хавфсизликни таъминлайдиган бошқа бозорларнинг жозибадорлигини оширади», дея хулоса қилади Европа Иттифоқи Савдо палатаси. Шу билан бирга, у Хитой ҳали ҳам «муҳим салоҳият»ни сақлаб қолганини тан олади.

Мавзуга оид