«Дунё» ахборот агентлиги Uzbekistan Airways маълумотларига таяниб хабар беришича, ушбу даврда Гуржистон аэропортларида жами 711 нафар йўловчига мамлакатга кириш учун рухсат берилмаган. Уларнинг 473 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Киришни рад этиш сабаблари меҳмонхона брони ва қайтиш авиачиптаси каби ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги, тиббий суғурта полисининг йўқлиги ҳамда сафар давомида яшаш учун етарли маблағ борлигини тасдиқлай олмаслик билан ҳам боғлиқ.
Гуржистонгада 2026 йил 1 январдан хорижий туристлар учун тиббий суғурта ва бахтсиз ҳодисалардан суғурталаниш талаби амал қилмоқда. Полис қоғоз ёки электрон шаклда, грузин ёхуд инглиз тилида расмийлаштирилган бўлиши керак.
Суғуртани Гуржистонгадаги ёки хорижий суғурта компаниясидан олиш мумкин. Полис бўйича суғурта қопламаси камида 30 минг Гуржистон лариси бўлиши талаб этилади.
Полис туристнинг мамлакатда бўлиш муддатини тўлиқ, жумладан, Гуржистонга кириш ва ундан чиқиш кунларини ҳам қамраб олиши шарт.
Ҳужжатда шартнома тарафлари, суғурта амал қиладиган ҳудуд, суғурта объекти, бошланиш ва тугаш саналари, қамраб олинадиган хатарлар ҳамда қоплама лимити кўрсатилиши зарур. Шунингдек, полис учун тўлов миқдори, уни тўлаш жойи ва шартлари ҳам қайд этилиши керак.
Мажбурий суғурта талабидан қуйидагилар озод этилган:
дипломатик ва махсус виза эгалари;
дипломатик, хизмат, расмий ва махсус паспорт эгалари;
дипломатик ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда уларга тенглаштирилган тузилмаларнинг аккредитацияланган ходимлари ва аккредитацияга эга оила аъзолари;
Гуржистонга халқаро шартнома ва битимларга мувофиқ кириб келувчи шахслар;
халқаро автомобиль юк ва йўловчи ташувларини амалга оширувчи ҳайдовчилар.
Гуржистонга сафар қилишни режалаштираётган ўзбекистонликларга сафар мақсадини олдиндан аниқ белгилаш, меҳмонхона брони, қайтиш авиачиптаси, суғурта полиси ва етарли маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилмоқда.












