«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, музокаралар Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида JBIC Энергетика лойиҳаларини молиялаштириш департаменти бош директори Ёхи Хигашида билан ўтказилган.

Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига Япония инвестицияларини жалб қилиш ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиққан. JBIC делегациясининг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи натижалари ҳам муҳокама қилинган.

Учрашувда Япониянинг MUFG, SMBC ва Mizuho каби етакчи банкларининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиши юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган махсус иқтисодий зонага япон саноат компанияларини жалб қилишда JBIC кўмагидан фойдаланиш масаласи кўтарилган.

Банк учун устувор тармоқлар ва лойиҳа турларини аниқлаш, унинг молиялаштириш талабларига жавоб берадиган аниқ лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувга эришилган.

Музокараларда «Янги Тошкент»нинг инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Электр таъминоти, марказлашган иссиқлик тизими, ичимлик ва оқова сув инфратузилмаси, шаҳар транспорти ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинган.