Жаҳон | 12:44 / 11.10.2024
1858
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Парижда Макрон билан Украинанинг «ғалаба режаси»ни муҳокама қилди

Лондондан Украина президенти Парижга келди ва у ерда қиш учун ёрдам сўради. Зеленский фронтдаги оғир вазиятни тан олди ва гўёки ўт очишни тўхтатиш муҳокама қилинаётгани ҳақидаги хабарларни дезинформация деб атади.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский француз ҳамкасби Эммануэл Макрон билан мамлакатининг Россияга қарши мудофаа урушидаги «ғалаба режаси»ни муҳокама қилди. 10 октябр, пайшанба куни Зеленский Лондонга ташрифидан сўнг музокаралар учун Парижга келди.

Украина янги қиш мавсуми олдидан ва мамлакат шарқида давом этаётган жангларда ёрдамга муҳтож. У фронтдаги «қийин вазият» ва айрим турдаги қуролларнинг «катта танқислиги»ни тан олди.

Зеленский Telegramʼда Макрон билан «жанг майдонидаги вазият ва позицияларни мустаҳкамлаш, Европани кўпроқ ҳимоя қилиши мумкин бўлган нарсаларни» муҳокама қилганини айтди. Музокараларда биргаликда қурол ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. «Биз бундай ҳамкорликни кенгайтиришимиз керак, бу борадаги ишлар мудофаа вазирлари даражасида олиб борилишига келишиб олдик», деди Украина президенти. Бундан ташқари, у Франция 17 октябр куни Швейцариядаги биринчи тинчлик саммитида бошланган ишлар доирасида ядровий хавфсизлик бўйича конференция ташкил этишини айтди.

Украина президенти ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги мунозараларни рад этди

Макрон билан музокаралардан сўнг, Зеленский Европа етакчилари билан урушда эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилгани ҳақидаги тахминларни ҳам рад этди. «Бу бизнинг муҳокамаларимиз мавзуси эмас», деди у ва бундай хабарларни Москва томонидан дезинформацияга уриниш деб атади.

Елисей саройи учрашувдан олдин таъкидлаганидек, Зеленский билан музокаралар Макрон учун «Франциянинг барча ҳамкорлари билан биргаликда Украина ва украин халқига узоқ муддатли, изчил ёрдам кўрсатиш қарорини тасдиқлаши» учун имкониятдир.

Зеленскийнинг Ғарбий Европа мамлакатларига сафарлари

Бу Зеленскийнинг 2022 йил февралида Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Францияга бешинчи ташрифи. Париж Зеленскийнинг Ғарбий Европага сафарларидаги иккинчи бекатига айланди, у АҚШ президентлик сайловлари олдидан Украинани қўллаб-қувватлаш кафолатларини олишга ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ у Лондонга ташриф буюриб, у ерда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашди. Маслаҳатлашувлар давомида Зеленскийнинг Россия Федерацияси билан урушда Украина учун «ғалаба режаси» муҳокама қилинди, деди Стармер.

Ўз навбатида, Рютте, агар Доналд Трамп Оқ уйга қайтса, Украина учун ҳеч қандай таҳдид йўқлигини билдирди. Сабаби, НАТО раҳбарининг сўзларига кўра, у Россиянинг Украинага қарши уруши моҳиятини тушунади. Володимир Зеленский Даунинг-стритдаги учрашувдан сўнг Украинанинг «урушни адолатли якунлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган» «ғалаба режаси»тафсилотларини баён қилганини айтди. «Биз иттифоқчиларимиз билан бу борада ишлашга келишиб олдик», деди у ва яна Россиянинг Украинадан ҳудудини тортиб олишини назарда тутувчи ҳар қандай тинчлик режасини рад этди.

Париждан Зеленский Италия ҳукумати раҳбари Жоржа Мелони билан учрашиш учун Римга учди ва 11 октябр куни Берлинга келади ҳамда у ерда Германия канцлери Олаф Шолц ва Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер томонидан қабул қилинади. Аввалига Зеленский Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича Рамштайн форматидаги алоқа гуруҳининг Германияда АҚШ президенти Жо Байден таклиф қилган навбатдаги йиғилишида иштирок этиши режалаштирилган эди. Аммо Байден Германияга ташрифидан бир неча кун олдин «Милтон» тўфони туфайли уни кейинга қолдирди. Шундан сўнг, Украина иттифоқчиларининг Рамштайн ҳарбий базасидаги учрашуви ҳам бекор қилинди. Бир кун олдин у Хорватияда Жануби-Шарқий Европа давлатлари раҳбарлари билан учрашди.

Мавзуга оид