Жаҳон | 14:35 / 13.10.2024
11833
6 дақиқада ўқилади

The New York Times Ҳамаснинг 7 октябр кунги ҳужумдан олдинги учрашувлари протоколларини қўлга киритди

Гуруҳ раҳбарияти «Ҳизбуллоҳ» ва Эронни ҳужумга қўшилишга ундаган.

Фото: Ilan Rosenberg / Reuters / Scanpix / LETA

The New York Times Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябр куни Исроил ҳудудига ҳужум қилиш, «Ҳизбуллоҳ» ва Эронни бунга қўшилишга кўндириш имкониятини муҳокама қилган махфий учрашувларига оид протоколларни қўлга киритди.

Протоколлар Ҳамас сиёсий ва ҳарбий етакчилари томонидан икки йил давомида ўтказилган 10 та йиғилишга тегишли бўлиб, улар Исроил ҳарбийлари томонидан январ охирида ташкилотнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган ер ости қўмондонлик пунктида ўтказган тинтувлари давомида компютердан топилган. NYT журналистлари ҳужжатларнинг бир қисмини ўзлари текшириб, улардаги маълумотларни содир бўлган воқеалар билан таққослаган, бир қисмини эса Ҳамас фаолиятидан хабардор экспертлар ҳамда гуруҳ ҳарбий қанотининг собиқ аъзоларига кўрсатган.

Протоколларга кўра, йиғилишларнинг барчасида Ҳамаснинг асосий етакчиларидан бири Яҳё Синвар иштирок этган (2024 йил июл ойи охирида Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин у сиёсий бюронинг янги етакчисига айланганди). Йиғилишнинг бошқа иштирокчилари номи келтирилмаган, аммо Исроил разведкаси таҳлилчилари хулосасида айтилишича, улар орасида Муҳаммад Дейф, Марвон Исо ва Яҳё Синварнинг укаси Муҳаммад Синвар ҳам бўлган.

Исроилга ҳужум уюштиришга оид илк қайдлар 2022 йил январдаги учрашувларга тегишли ва унда мазкур ҳужум «катта лойиҳа» деб айтилган. Ҳужжатлардан маълум бўлишича, аввалига Ҳамас ҳужумни 2022 йилнинг кузида амалга оширишни режалаштирганди.

Ҳамас 2021 йилдан бери Исроил билан йирик тўқнашувлардан қочиб келарди — бу 7 октябр кунги ҳужумнинг самарасини оширишга қаратилганди, дея ёзади нашр. Ташкилот раҳбариятининг фикрича, бу Исроил ҳукуматини Ҳамас Ғазо секторида «тинчликни хоҳлаши»га ишонтириши керак бўлган.

Протоколларга кўра, 2022 йил апрелида ўтказилган йиғилишда гуруҳ етакчилари одатда энг кескин давр бўладиган Рамазон ойи жиддий тўқнашувларсиз кечгани, бу эса Ҳамасга ўз ниятини яширишда ёрдам берганини қайд этишган. Июндаги учрашувда Ҳамас навбатдаги эскалациядан қутулиб қолишга эришгани айтилган. Бундан ташқари, шу йиғилишда Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар биринчи марта Исроилга йирик ҳужум Ғазо секторида тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида эслатган. 7 октябрдан кейин эса Ҳамаснинг айрим етакчилари тинч аҳоли орасида катта йўқотишлар бўлганини тан олган, аммо бу фаластинликлар «озодлик учун тўлаши керак бўлган тўлов» эканини айтишган.

NYT’нинг ёзишича, 2022 йил сентябрда ҳужум режаси деярли тайёр бўлган. Аммо охир-оқибат у қолдирилган. Протоколларда бунинг сабаби келтирилмаган, аммо уларда бир неча бор Ҳамас раҳбариятининг Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»дан қўллаб-қувватлов олиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз боради.

Хусусан, 2023 йил июлида Ҳамас вакили Ливанда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Саид Изадий билан учрашган ва ундан ҳужумнинг илк соатларида Исроилнинг нозик объектлари бўйлаб зарбалар йўллашни сўраган. Изадий эса Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» ҳужумни қўллаб-қувватлашини, аммо тайёргарлик учун уларга кўпроқ вақт кераклигини айтган.

Ёзувларда, шунингдек Ҳамас Исроилга ҳужумни «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ билан учрашувда батафсил муҳокама қилишни режалаштиргани айтилади, аммо бундай учрашув бўлиб ўтгани аниқ эмас. Якунда Ҳамас ўз иттифоқчиларининг умумий қўлловига ишонч ҳосил қилган, аммо ёлғиз ҳаракат қилишига тўғри келиши ҳақида хулосага келган, дея ёзади NYT.

Ҳужжатларда Ҳамасни 2023 йил 7 октябр куни ҳужум уюштиришга мажбур қилган сабаблар ҳам келтирилган. Масалан, улардан бирига кўра, ташкилот Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб бораётганини бузиш бўлган. Бундан ташқари, Исроил ҳукуматининг Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига ўрнашиб олгани ва Ал-Ақсо масжиди мажмуаси устидан назоратни кучайтиришга бўлган уриниши ҳам рол ўйнаган. Ҳужум 2023 йил охирига қадар амалга оширилиши кераклигига яна бир аргумент сифатида Ҳамас Исроил янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ишга туширишидан олдинроқ зарба беришни истагани бўлган.

2023 йил майида Ҳамас раҳбарияти ҳужум бошланиши учун иккита эҳтимолий санани муҳокама қилган — 25 сентябр, бу куни Исроилда Йом Кипур нишонланадиган кун («Қиёмат куни», яҳудийлар тақвимидаги энг муҳим саналардан бири), ёки шу йили ​​Симхат Тора байрамига тўғри келган 7 октябр куни.

Эрон раҳбарияти Исроилга 7 октябрда уюштирилган ҳужумга қандайдир алоқаси борлигини рад этган. Эроннинг БМТ ҳузуридаги миссияси ҳужум тўлиқ Ҳамаснинг Ғазо секторида жойлашган ҳарбий қаноти томонидан режалаштирилганини, буни Эрон ёки «Ҳизбуллоҳ»га боғлашга уринишлар «ишончга сазовор эмаслиги ва сохта ҳужжатларга асослангани»ни маълум қилган. Бундан ташқари, америкалик мулозимлар разведка маълумотларига асосланиб, Эроннинг асосий етакчилари ҳужумдан ғафлатда қолишгани ҳақида айтишганди.

Исроиллик ҳарбийлар изоҳ беришдан бош тортган. Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» ҳам сўровларга жавоб қайтармаган.

Мавзуга оид