Жаҳон | 12:00 / 18.10.2024
3718
2 дақиқада ўқилади

Британия лейбористлари Ҳаррисни қўллаб-қувватлаш учун 100 кишини юборади

Лейбористлар партиясининг собиқ ва амалдаги аъзолари АҚШ президентлик сайловлари олдидан Камала Ҳаррис учун сайловолди ташвиқотини ўтказишни режалаштирмоқда. Республикачилар бу режадан норози.

Фото: ANGELA WEISS/AFP/Getty Images

Буюк Британияда лейбористлар партиясининг 100 нафар амалдаги ва собиқ ходимларини Демократик партия номзоди Камала Ҳаррис учун АҚШ президентлигига сайловларда иккиланаётган штатларда сайловолди ташвиқоти учун юборади. Халқаро оммавий ахборот воситалари 17 октябр, пайшанба куни Лейбористлар партияси операцион бўлими раҳбари София Пателнинг бир кун аввал LinkedIn ижтимоий тармоғида қилган тегишли баёнотига эътибор қаратди.

«Кейинги бир неча ҳафта ичида Лейбористлар партиясининг 100 га яқин ҳозирги ва собиқ ходими АҚШга: Шимолий Каролина, Невада, Пенсилвания ва Виржинияга боради», деб ёзди у. «(Шимолий) Каролина штатига боришга тайёр бўлганлар учун менда 10 та бўш жой бор — биз сизнинг турар жойингиз билан шуғулланамиз», — дея қўшимча қилди Пател.

Республикачилар партиясининг айрим аъзолари, хусусан, Трампнинг собиқ ёрдамчиси Себастян Горка режани «ғазабнок» деб атади ва мамлакатнинг собиқ президенти, республикачи номзод Доналд Трамп сайловда ғалаба қозонса, бундай ҳаракат Лондоннинг Вашингтон билан муносабатларига путур етказиши мумкинлигини айтди, деб ёзади The Telegraph газетаси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид