Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбаннинг укаси Арон Орбан чегарадан одамларни ноқонуний олиб ўтиш иши бўйича қўлга олинди, деб хабар бермоқда Венгрия оммавий ахборот воситалари. Мамлакатнинг амалдаги бош вазири Петер Можар ҳам бу хабарга эътибор қаратди.

«Матбуотдаги хабарларга кўра, Виктор Орбаннинг укаси Арон Орбан одамларни чегарадан ноқонуний ўтказишда гумонланиб ҳибсга олинган. Активларни қайтариш ва ҳимоя қилиш миллий бошқармаси ҳамда Миллий тергов бюроси тергов олиб бормоқда», – деб ёзди Можар Facebook’даги саҳифасида.

Можар ўз хабарида акаси Мартон Можарга тегишли бўлган Kontroll нашрининг фейсбукдаги саҳифасида чиққан постга ҳавола берган. Бу постда Орбаннинг укаси ҳам ҳибсга олинганлар орасида бўлиши мумкинлиги айтилган. Шу билан бирга, Kontroll сайтидаги хабарда Орбаннинг укаси тилга олинмаган.

Арон Орбаннинг ҳибсга олингани расман тасдиқланмаган. Венгрия Миллий полицияси бош бошқармаси одамларни ноқонуний олиб ўтиш бўйича тергов доирасида Будапешт ва яна иккита аҳоли пунктида тинтувлар олиб борилаётганини маълум қилди. Бир неча киши ҳибсга олинган, аммо улар орасида Арон Орбан ҳам бор-йўқлигига аниқлик киритилмаган. Полиция куннинг иккинчи ярмида батафсил маълумот беришни ваъда қилган.

9 ноябр куни эрталаб Арон Орбаннинг компаниясига тегишли уйда тинтув ўтказилди, деб хабар бермоқда Telex ўз манбаларига таяниб. Нашр суҳбатдошлари Арон Орбан ҳибсга олинган ёки олинмаганини аниқ билмаслигини айтишган.

Бир йил олдин Telex собиқ бош вазирнинг акаси Ветнам фуқароларига ноқонуний виза бериш схемасида иштирок этгани ҳақидаги суриштирув эълон қилганди.

Виктор Орбан тинтувлар ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. У содир бўлаётган воқеаларни сиёсий қатағон деб атади. «Нишон – менман, укам эса шунчаки восита», – деган сиёсатчи.

  • Виктор Орбан 16 йил мобайнида Венгрия бош вазири бўлган. 2026 йил апрелида бўлиб ўтган парламент сайловларида эса унинг бошқарувидаги «Фидес» партияси мағлуб бўлди. Парламентда кўпчилик ўринларни «Тиса» партияси қўлга киритди, унинг етакчиси Петер Можар эса ҳукумат бошқарувига келди.