«Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикасини 2027 йилда юқори ва барқарор иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:

  • ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 108 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 107 фоизга, бозор хизматлари – 117 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 105 фоизга, қурилиш ишлари – 113 фоизга ўсишини таъминлаш;

  • экспорт ҳажмини 550 млн АҚШ долларига, жами инвестициялар ҳажмини 2 бараварга ошириб 5 млрд АҚШ долларига етказиш;

  • 1-босқичда паст даромадли 125 минг оиладаги 513 минг аҳолини юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш ва бошқалар.

  • Қарорга кўра, Нукус шаҳрида Жолшилар маҳалласи Ашшикўл ҳудудидаги 270 гектар майдонда 50 минг аҳолига мўлжалланган илғор архитектура ечими ва энергия тежамкор технологиялар асосида «Nukus city» барпо этилади.

Бунда:

  • Янги Тошкент лойиҳаси бўйича тажрибалардан келиб чиқиб, хорижий ташкилотларнинг тавсиялари асосида илғор ва креатив бош режа ишлаб чиқиш ҳамда архитектуравий ечимлар қўлланади;

  • «Smart city» ечимларини қамраб олган замонавий кўп квартирали турар жойлар, савдо ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, парклар, яшил ҳудудлар, фавворалар, спорт майдончалари, ижтимоий соҳа муассасалари ва бошқа объектларни жойлаштирилади.