Ўзбекистон | 21:30 / 23.10.2024
3437
6 дақиқада ўқилади

23 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар

Видео кўриб пул ишлайман дея 4 миллиард сўмидан айрилган одамлар, болаларга нисбатан оиладаги зўравонликка қарши қонун, Ўзбекистон томонидан Афғонистонда қуриладиган мадраса — кун давомида Kun.uz'да ёритилган маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Яна 500 киши алданди

Kun.uz огоҳлантирган Whats платформаси молиявий пирамида экани тасдиқланди. Одамларни “видео кўриш орқали пул ишлаш”га ишонтириб, чув туширган Whats платформаси ташкилотчиларига жиноят иши қўзғатилди. Улар одамларга пулларини қисқа муддатга икки бараварга кўпайтириб беришни ваъда қилган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, Whats асосчилари платформада “қадамларни” сотиб олиш учун 120 доллардан 17 минг долларгача пул тикишни, ҳар бир таклиф қилинган иштирокчи учун 12 фоиз бонусга эга бўлишни, кунлик чет эл филмларига лайк босиш орқали пул ишлашни таклиф қилган. Платформа тарғиботи ижтимоий тармоқларда фаол олиб борилган. Турли вилоятлардаги маҳаллий блогерлар ва вайнерларнинг Whats'га жалб қилиш мазмунидаги видеолари эса ушбу платформани янада оммалаштирган.

Молиявий пирамиданинг ташкилотчиларини аниқлаш тадбирлари давомида, Бухоро шаҳридаги марказий савдо мажмуасининг 2-қаватида “Whats Bukhara” номли МЧЖ очган 30 ёшли шахс аниқланган. Платформани Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кўплаб маҳаллий блогерлар тарғиб қилиб келган. Фирибгарлар Whats аъзолари сонини кўпайтириш мақсадида келиб тушаётган пуллардан тез-тез зиёфатлар ташкил қилиб, муҳтожларга кўмак берилгани ҳақидаги лавҳаларни тарқатишган.

ИИВ хабарига кўра, жорий йилнинг 22 август кунидан ҳозиргача Whats платформаси бўйича ички ишлар органларига жами 500 нафардан зиёд фуқародан мурожаат келиб тушган. Уларнинг зарари миқдори 4 млрд сўмни ташкил қилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Whats платформаси турган-битгани молиявий пирамида экани ҳақида Kun.uz икки ой олдин суриштирув эълон қилганди. Бундан олдин эса минглаб одамлар Aif номли платформага алданиб қолиб, пулларидан айрилганди. Ҳозирда худди шуларга ўхшаш HNK номли бошқа бир платформа ҳам оммалашмоқда. Лекин ҳуқуқ органлари ҳозирча бу масалага муносабат билдирмади.

Сифатсиз АИ-92 аниқланди

Тошкент вилоятидаги айрим шохобчаларда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди. “Ўзэнергоинспекция” хабарига кўра, Оҳангарон туманида жойлашган АЁҚШлардан бири ўрганилганда 4 дона минг литрлик елим идишларда дизел ёнилғиси сақланаётгани, ностандарт елим идишларга дизел ёнилғиси қуйиш ҳолати аниқланган. Шу шохобчада сотилаётган бензиндан намуна олиниб, лаборатория таҳлилларидан ўтказилганда АИ-92 русумли автобензин сифатсиз экани маълум бўлган.

Бу каби ҳолатлар Янгийўл ва Паркент туманларидаги биттадан АЁҚШларда ҳам кузатилган. Бу ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган шохобчаларга камчиликлар бартараф этилгунга қадар биржа савдоларида иштирок этиш вақтинча тақиқлаб қўйилган.

Болага зўравонлик – жиноят

Ўзбекистонда болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди. Президент имзолаган қонун билан бир нечта кодексларга ўзгариштиришлар киритилмоқда. Унга кўра, оилада болага нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари эндиликда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қолаверса, бундан буён оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд муҳокамаси вақтида берилиши мумкин. Унгача бўлган босқичларда, хусусан тергов пайтида ярашув тўғрисида ариза берилса ҳам, бу ариза қабул қилинмайди. Бу – иш судгача бормасдан “ярашув аризаси” орқали масалани ёпди-ёпди қилиш ҳолатларининг олдини олиши айтилмоқда.

Қонун 22 октябрдан эътиборан кучга кирди.

Ўзбекистон Балхда мадраса қуради

Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Имом ал-Бухорий номидаги мадраса қуради. Қурилиш вазирлиги расмийлари бу борада Афғонистон Шаҳарсозлик вазирлиги вакиллари билан видеоалоқа форматида музокара ўтказди. Онлайн учрашувда Балх вилояти маъмурияти ва Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари ҳам қатнашган.

Расмий хабарда музокара тафсилотлари очиқланмаган. Таъкидланишича, Афғонистон томони доимий ёрдам ва қўллаб-қувватлов учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирган. Таъкидланишича, Афғонистонда Ўзбекистон томонидан қуриладиган мадраса икки мамлакат халқларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Аввалроқ афғон нашрлари лойиҳанинг қиймати 6 млн доллар эканини ёзганди. 21 август куни Балх вилояти губернатори ўринбосари ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош консули иштирокида мадраса қурилишини бошлаш маросими ўтказилган. 60 сотих майдонни эгаллайдиган диний муассасада 1000 нафар талаба таҳсил олади.

Аҳоли рўйхатга олинади

Келаси йили Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши мумкин. Статистика агентлиги бу ҳақдаги президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳага кўра, аҳолини рўйхатга олишни 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августигача ўтказиш таклиф этилмоқда.

Режага кўра, аҳолини рўйхатга олиш планшетлар ёрдамида ўтказилади. Бунинг учун Жаҳон банкидан олинган имтиёзли кредит ҳисобига техник ва дастурий воситалар сотиб олинади. Аҳолини рўйхатга олишда респондентлардан олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, рўйхатга олиш орқали мамлакат аҳолисининг демографик таркиби, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилади. Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган.

Мавзуга оид