Жаҳон | 18:53 / 06.11.2024
5095
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказди

Америкалик ҳарбийлар бу каби синовлар шу пайтгача 300 мартадан ортиқ ўтказилганини маълум қилди. Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, баллистик ракета синови бир неча йил олдин режалаштирилган.

Фото: vandenberg.spaceforce.mil

АҚШ ҳарбийлари «Минитмен-3» қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Америка космик кучларининг Калифорнияда жойлашган «Ванденберг» базаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ҳарбий-денгиз кучлари учувчилари 6 ноябр куни баллистик ракетани учирган. Старт АҚШда сайлов участкалари ёпилганида кўп ўтмай амалга оширилган.

Идора матбуот хизматининг баёнотида қайд этилишича, мазкур синов «мамлакатнинг кучли потенциялини ифодалайди». База вакилларининг таъкидлашича, бу орқали АҚШ «XXI аср таҳдидлари»ни самарали тутиб қолишга қодир эканини кўрсатиб қўйган.

«Бундай синовлар 300 мартадан ортиқ ўтказилган ва мазкур синов ҳозирда дунёда бўлаётган воқеалар сабаб амалга оширилмади», — дейилади хабарда. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, баллистик ракета синови бир неча йил олдин режалаштирилган.

АҚШ 1970 йилда қуролланишга олинган «Минитмен-3» ракеталарини уч поғонали «Сентинел» қитъалараро баллистик ракеталари билан алмаштириш ниятида. «Сентинел» ракеталари қуролланишга 2030 йилдан бошлаб қабул қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, КХДР 31 октябр куни қитъалараро баллистик ракета синовини амалга оширганди. Ракета 87 дақиқа парвоз қилиб, Хоккайдо оролидан 200 километр узоқликка бориб тушган. Япония ҳукуматига кўра, ракета 7 минг метр баландликка қадар кўтарилган, парвоз узоқлиги эса 1000 километрни ташкил этган. Корея Марказий телеграф агентлиги баёнотида айтилишича, синов парвози «стратегик ракеталар кучи рекордини янгилаган».

Мавзуга оид