Бухоро шаҳрининг 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ва уларнинг ота-оналаридан Kun.uzʼга мурожаат келиб тушди. Унга кўра, авария ҳолатига келиб қолган ушбу мактаб-интернат 2022 йилда реконструкция лойиҳасига киритилган ва шу важ билан унинг ўқувчилари шаҳарнинг 34-мактабига кўчирилган.
Ҳозирда болалар у ерда 2-сменада таҳсил олаётгани, аммо мактабнинг шароити қониқарли эмаслиги айтилмоқда.
“Бу мактаб [34-мактаб]га Ромитан туманидан 3 нафар ўртоғим билан қатнаймиз. Бизга ўтган йили “мактаб биноси қуриб битказилади” дейишганди, аммо мана, иккинчи йил кетяпти ҳамки, қурилмаган.
Биз бир эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз, вақтинча ўқиётган мактабимиздаги болалар бизни қабул қилмаяпти, уришяпти, сўкишяпти. Устозларга айтсак, “на илож, ўзи уларнинг мактабида ўқияпмиз, мажбурмиз”, – дейишяпти. Хуллас, бизнинг қурилаётган бинога давлат томонидан пул ажратилмаяпти экан, биз қийналяпмиз”, – дея ёзган бир ўқувчи.
Айни мактаб-интернатда таҳсил олувчилардан бирининг онасига кўра, кўплаб ота-оналар шароит сабаб фарзандини бошқа мактабга олиб кетмоқда.
“Бухоро шаҳридаги 2-сон ихтисослаштирилган мактабига қизим шу йил юқори балл билан қабул қилинди. Аммо биз расмини кўриб ҳавас қилган мактаб эмас, балки жуда эски ва хароб ҳолдаги мактабнинг 2-сменасида ўқияпмиз.


Ваҳоланки, мактаб шу ўқув йилига тайёр ҳолатга топширилиши керак эди. Аммо ишнинг бу кетишида кейинги ўқув йилига ҳам топширилмаса керак. Энг билимли ва зукко болаларни имтиҳон асосида саралаб олиб, шунақа мактабда ўқитиш уларнинг руҳиятига, келажакка бўлган умидига таъсир қиляпти. Уларга фақатгина яхши шароит яратиб бериш лозим. Илтимос, шу юзасидан суриштирув ишларини олиб бориб Kun.uz’га чиқарсангизлар. Зора мутасаддиларга оддий халқнинг, ота-оналарнинг ноласи етиб борса. Чунки қанча ота-оналар мажбур [бўлиб] боласини олиб кетди”, – дейди она.


“Ёлғондан [эски мактабда] 1 ёки 2 кишининг ишлаётганини кўриш мумкин. У ҳам ҳар доим эмас. Болалар мактаб-интернати, яъни ётоқхона, ошхона, спорт заллари, замонавий синфхоналари, компютер хоналари бўлган жойда эмас, умуман шароити йўқ, поллари, парталари синиб кетган, қўшимча дарслар ўтиш имкони мавжуд бўлмаган мактабда ўқишяпти. Буларга IT, инглиз тили, математика чуқурлаштирилган ҳолда ўтилиши керак. Аммо бу учун шароит керак.












