Ташрифдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш учун хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ва давлат бошқарувини номарказлаштириш бўйича Австрия тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.

Делегация Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Австрия парламенти, Давлат хизматлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Шаҳар ва қишлоқлар уюшмаси, Штирия федерал ери, Грац, Вена ва Кремс шаҳарлари маъмуриятлари ҳамда Кремс амалий фанлар университетида самарали музокаралар ўтказди.

Австрия федерал давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда мамлакатнинг давлат хизматчилари учун махсус ўқув курсларни ташкил қилиш масаласи Давлат хизматлари вазирлигида муҳокама этилди.

Австрия адлия вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда эса мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама ҳам фаоллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Шаҳар ва қишлоқлар уюшмасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари мамлакатнинг бошқарув тизими фаолияти ва уларни ривожлантиришда уюшманинг ўрни тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишди.

Ташриф давомида, Штирия федерал ери, Грац ва Вена шаҳарлари маъмуриятларидаги учрашувларда ҳокимиятнинг тақсимланиши, соҳаларда ишларни ташкил қилиш тартиби ва делегацияни қизиқтирган бошқа саволлар бўйича ҳам фикрлар алмашилди.

Кремс шаҳри маъмурияти ва Кремс амалий фанлар университети раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда делегация аъзолари мазкур шаҳар аҳолисининг турмуш тарзи, ундаги олий ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш тизими билан яқиндан танишишди. Мамлакатлар шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш, ҳудудларда жойлашган олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича келишувларга эришилди.