Австрия ҳукумати мамлакатда мажбурий ҳарбий хизмат тизимини ислоҳ қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда 27 июл куни мамлакат расмийлари маълум қилди.
Узоқ давом этган музокаралардан сўнг Австрия Халқ партияси (ÖVP), Социал-демократик партия (SPÖ) ва либерал Neos партиясидан иборат ҳукмрон коалиция ҳарбий хизмат муддатини уч ойга узайтиришга келишиб олди.
Дала машғулотлари мажбурий бўлади
Ислоҳотга мувофиқ, чақирилувчилар аввал олти ойлик базавий ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Шундан сўнг улар учун қўшимча мажбурий дала машғулотлари жорий этилади.
Бу машғулотларни захира қўшинлари таркибида хизмат қилувчилар ўн йил давомида исталган вақтда ўташи мумкин бўлади.
Ҳукумат таъкидлашича, таклиф этилаётган босқичма-босқич тизим экспертлар комиссияси тавсияларига асосланган.
Ҳарбий хизмат жозибадорлиги оширилади
Ислоҳот доирасида ҳарбий хизматни ёшлар учун янада жозибадор қилиш чоралари ҳам кўзда тутилган.
Хусусан, ҳарбий хизматчиларга таътил кунлари берилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, хизмат даврида тўланадиган ойлик нафақа 1 000 еврогача оширилади.
Канцлер: Европада барқарор тинчлик ҳақидаги орзу парчаланди
Австрия канцлери Кристиан Штокернинг таъкидлашича, мамлакат мудофаа салоҳиятини кучайтириш зарурати Европа хавфсизлик муҳитидаги ўзгаришлар билан боғлиқ.
У Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши, киберҳужумлар, гибрид таҳдидлар ва муҳим инфратузилмага қарши хавфлар хавфсизлик сиёсатига янгича ёндашувни талаб қилаётганини айтди.
«Европада барқарор тинчлик ҳақидаги орзу Россия агрессияси бошланганидан кейин парчаланди», — деди канцлер.
Унинг сўзларига кўра, фақат янги ҳарбий техника сотиб олишнинг ўзи етарли эмас. Фавқулодда вазиятларда ҳарбийлар ундан самарали фойдаланиши учун амалий тайёргарлик ҳам кучли бўлиши лозим.
Қонун парламентда учдан икки қисм овоз билан қабул қилиниши керак
Энди ҳукумат парламентдаги Австрия Озодлик партияси (FPÖ) ва «Яшиллар» партиясининг қўллаб-қувватловини олишга ҳаракат қилади.
Чунки мазкур ўзгаришларни қабул қилиш учун парламент аъзоларининг камида учдан икки қисми овози талаб этилади.
Агар қонун маъқулланса, янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган.
Фуқаролик хизматига ҳам ўзгаришлар киритилади
Ҳозирча тўққиз ойлик муқобил фуқаролик хизмати муддати ўзгармайди.
Бироқ 2027 йилдан уни икки ойга ихтиёрий равишда узайтириш имконияти яратилади.
2028 йилдан эса чақирилувчилар сони режадаги даражага етмаса, ушбу узайтириш мажбурий тус олади.
Австрия ҳарбий бетараф давлат ҳисобланади ва НАТО аъзоси эмас.











