Туризмнинг янги турларини жорий қилишга доир ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда туризмнинг янги 5 та йўналиши саноат, геология, илмий, ҳарбий ва давлат бошқаруви туризми йўлга қўйилиши керак.

Хусусан, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга Адлия вазирлиги ҳукумат бино ва иншоотларига ташрифни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми хизматини, Мудофаа вазирлиги ўқ отиш бўйича пулли хизматларни Геология вазирлиги конлар ва тоғ жинсларини портлатиш тадбирларига ташрифни йўлга қўйиши лозим.

Ушбу вазифалар учун масъул этиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва туризм қўмитаси, Адлия вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва бошқалар белгиланган. Ушбу идоралар икки ой муддатда ушбу тегишли идоравий ҳужжатни қабул қилиши керак эди.

Kun.uz ҳукумат қарорининг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларга сўров юборди.

Туризм қўмитасининг маълум қилишича, 25 ноябрь куни ташриф объектлари, уларга кириб чиқиш, ташрифни ташкил этиш ҳамда ташриф буюрувчиларга қўйиладиган умумий талабларни назарда тутувчи тартиб ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга мазкур тартиб ишда фойдаланиш ва ички тартиб сифатида тасдиқлаш учун тавсия қилинган.

Шунингдек, Туризм қўмитаси буйруғига асосан, туризм қўмитасининг маъмурий биноси, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети, халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси, Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташриф буюрувчиларни қабул қилувчи давлат бошқаруви ҳамда илмий туризм йўналишидаги объектлар сифатида белгиланди.

Туризм қўмитасига кўра, бошқа вазирлик ва идораларда қарор ижроси юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:

  • Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Китоб миллий табиат боғи» объектлари туристларни қабул қилувчи объект сифатида белгиланди;
  • Фанлар академияси томонидан «Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти», «Хоразм Маъмун академияси», «Ўзбекистон тарихи давлат музейи», «Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти «Археология музейи», «Тошкент Ботаника боғи», Паркентдаги «Катта Қуёш Қурилмаси» объекти илмий туризм объекти сифатида белгиланди;