Жаҳон | 13:42 / 03.01.2025
4565
3 дақиқада ўқилади

Хитой ҳакерлари АҚШ Молия вазирлиги бўлинмаларини бузиб кирди

Ҳакерлар АҚШ Молия вазирлигининг иқтисодий санкцияларни қўллаш билан шуғулланувчи бўлинмаларини нишонга олди, деб ёзади The Washington Post. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси бу даъвони «мантиқсиз» деб атади.

Фото: AFP

Хитой ҳукуматига алоқадор ҳакерлар АҚШ Молия вазирлигининг иқтисодий ва савдо санкцияларини режалаштирувчи ва қўлловчи бир қанча бўлинмаларининг компютер тизимларини бузиб киришди. Бу ҳақда 1 январ, чоршанба куни америкалик расмийларга таяниб, The Washington Post нашри хабар берди.

Уларга кўра, Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) ва Молиявий тадқиқотлар бошқармаси (OFR) серверлари зарар кўрган. Бундан ташқари, ҳакерлар АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг офисини бузиб киришга уринган. Шу ҳафта бошида АҚШ Молия вазирлиги Конгрессга йўллаган мактубида ҳакерлар махфий бўлмаган ҳужжатларни ўғирлагани, шунингдек, киберхавфсизлик бўйича хизматлар тақдим этувчи BeyondTrust'ни бузиб киришганини хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ХХР ҳукумати учун қизиқиш доираси АҚШ расмийлари молиявий санкциялар қўллаши мумкин бўлган Хитой ташкилотларидир. Декабр ойида Жанет Йеллен АҚШ Россиянинг нефт даромадларини ва чет элдан таъминот олиш имкониятини қисқартиришга интилаётгани сабабли Вашингтон Хитой банкларига қарши санкциялар қўллашни истисно этмаслигини айтган эди.

АҚШ Молия вазирлиги The Washington Post хабарига изоҳ бермади. Ўз навбатида, Хитойнинг Қўшма Штатлардаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнюй газета хабарини «мантиқсиз», «асоссиз» ва Пекинга «туҳмат» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Хитой «киберҳужумларнинг барча шаклларига қарши курашмоқда».

АҚШ Молия вазирлиги ХХРдан киберҳужум ҳақида хабар берди

АҚШ Молия вазирлиги Конгрессдаги қонун чиқарувчиларга ҳакерлардан бири, афтидан, Хитой манфаатларидан келиб чиқиб, департаментнинг бир қатор онлайн платформалари ва ҳужжатларига масофадан кириш имконини берувчи хавфсизлик калитини қўлга киритгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда 30 декабр куни Reuters, AFP ва The New York Times хабар берди.

Вазирлик 8 декабр куни BeyondTrust дастурий таъминот ишлаб чиқиш хизматларини кўрсатувчи учинчи компания томонидан киберҳужум содир этилгани ҳақида огоҳлантирилган.

АҚШ Молия вазирлиги бузғунчилик таъсирини аниқлаш учун Федерал терговлар бюроси (ФТБ), разведка ҳамжамияти ва бошқалар билан ишламоқда. Белгиланган тузилма офлайн режимга ўтказилди, ҳакерлар ҳали ҳам унга кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, дея маълум қилди вазирлик.

Ҳужжатлар сирли эмас, аммо гап «АТ хавфсизлиги соҳасидаги жиддий воқеа» ҳақида кетяпти, дея хабар берди Вашингтон.

Мавзуга оид