АҚШ ва Колумбия президентлари Доналд Трамп ҳамда Густаво Петро якшанба куни ноқонуний мигрантлар депортацияси бошлангани ортидан савдо уруши бошлашига бир бахя қолди. Трамп ва Петро ижтимоий тармоқларда уруш эълон қилишганди, аммо якунда Вашингтон ва Богота ҳозирча бундай уруш бошламасликка қарор қилишган.

Якшанба куни Американинг иккита ҳарбий-транспорт самолёти Калифорния штатидан Колумбияга колумбиялик ноқонуний муҳожирларни олиб келиши керак эди. Аммо Колумбия президенти Густаво Петро самолётлар қўнишига рухсат бермади ва бу ҳақда ошкора эълон қилди.
Доналд Трамп бунга жавобан ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида Колумбиядан келадиган барча маҳсулотлар импортига 25 фоизлик божлар ҳамда колумбиялик расмийлар учун виза санкциялари жорий этишини эълон қилди.
Густаво Петро эса Колумбия ҳам Америка импортига нисбатан шундай божлар қўлланишини айтди.
Аммо якшанба куни кечқурун Оқ уй Колумбия ортга чекингани, шу туфайли божлар ва санкциялар қўлланмаслиги тўғрисида баёнот берди.
«Колумбия ҳукумати президент Трампнинг барча шартларига, жумладан Қўшма Штатлардан қайтарилган барча колумбиялик ноқонуний хорижликларни АҚШ ҳарбий самолётларида ҳам чекловларсиз ва кечикишларсиз қабул қилишга рози бўлди», — дейилган Трамп маъмурияти хабарида.
Шу билан бирга, бож ва санкциялар тўғрисидаги фармонлар имзоланмаган бўлса ҳам тайёр ҳолатда ва агар Колумбия келишув шартларига риоя қилишдан бош тортгудек бўлса, улар имзоланади.
«Бугунги воқеалар яққол кўрсатдики, Американи яна ҳурмат қилишмоқда. Президент Трамп мамлакатимиз суверенитетини қатъият билан ҳимоя қилишда давом этади ва бутун дунёдаги бошқа давлатлар унинг Қўшма Штатларда ноқонуний равишда бўлган фуқароларни депортация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан тўлиқ ҳамкорлик қилишларини кутади», — дейилган Оқ уй баёнотида.
Колумбия ташқи ишлар вазири Луис Хилберто Мурило якшанба куни кечқурун АҚШ ва Колумбия юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини топишганини маълум қилди.










