DW нашрининг Politicoʻга таяниб хабар беришича, суд қарори ҳақида 1 октябр, пайшанба куни маълум қилинган. Қарор Вашингтон штатининг Ғарбий округи федерал прокурори лавозимидан бўшатилган Рожер Рогоффнинг даъвоси асосида қабул қилинган.

Округ суди Рогоффни мазкур лавозимга тайинлаганидан кўп ўтмай, Трамп уни ишдан олган ва ўрнига ўзига содиқ Чарлз Нил Флойдни қўйган.

Суд: Рогофф ҳамон прокурор

Судя Бастианнинг таъкидлашича, бундай алмаштиришлар Конституция ва қонунларда белгиланган тизимни бузади. Ушбу тизим президентнинг мансабдорларни тайинлаш ҳуқуқи ҳамда Сенатнинг номзодларни тасдиқлаш ваколати ўртасидаги мувозанатни таъминлайди.

Суд Рогофф 15 июл куни қасамёд қабул қилганидан буён федерал прокурор лавозимини қонуний равишда эгаллаб келаётганини қайд этди. Президент маъмурияти унинг ўрнига белгиланган тартибга зид равишда тайинлаган Флойд эса бу лавозим ваколатларига эга эмас, деб топилди.

Бастиан, шунингдек, АҚШ бош прокурори Тодд Бланш ва Адлия вазирлигига Рогоффни ишдан бўшатилган ёки лавозимидан четлатилган деб ҳисоблашни, унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишни тақиқлади. Улар мазкур округ прокурори сифатида Рогоффдан бошқа шахсни тан олмаслиги керак.

Адлия вазирлиги қарор устидан шикоят қилишини ва апелляция кўриб чиқилаётган вақтда унинг ижросини тўхтатиб туришни сўрашини билдирди.

Трамп маъмурияти Сенат тасдиғини четлаб ўтишга уринган

Politicoʻнинг ёзишича, Трамп маъмурияти президентга содиқ шахсларни юқори лавозимларга тайинлаш учун Сенат тасдиғидан ўтиш тартибини бир неча бор четлаб ўтишга ҳаракат қилган.

Округ судялари ўз ваколатларидан фойдаланиб, федерал прокурор лавозимига бошқа номзодни танлаган ҳолатларда Трамп ўша шахсни ишдан бўшатган, дея қайд этади нашр.

АҚШда федерал прокурорлар қандай тайинланади?

Хабарда келтирилган тартибга кўра, федерал прокурорликка номзодни АҚШ президенти илгари суради, Сенат эса уни тасдиқлайди.

Лавозим бўш қолса, бош прокурор 120 кунга вақтинчалик федерал прокурор тайинлайди. Агар шу муддат тугагунига қадар доимий прокурор тасдиқланмаса, номзодни танлаш ваколати тегишли федерал округ судига ўтади.