Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатишни жуда истамоқда. У оролни сотиб олишга тайёр ва ҳатто ҳарбий босиб олиш вариантларини ҳам истисно қилмаяпти. Дания расмийлари таклифни бир неча бор рад этди, шу билан бирга мудофаа харажатларини ошириб, Европа давлатлари қўлловини изламоқда.
«Медуза» нашри Дания қуролли тўқнашувга тайёрми ва гренландияликлар бу борада қандай фикрда эканини таҳлил қилди.
Трамп яна бир бор Гренландияни сотиб олиш истагини билдирди. Рад жавоби уни ғазаблантирди. Дания эса бунинг ортидан мудофаасини кучайтирди
«Ундан қайтиш мумкин эмас эди. Бу совуқ душга ўхшарди. […] Менимча, вазият жиддий ва потенциал жиҳатдан жуда хавфли», — дея шарҳлаган Financial Times нашри манбаси АҚШ президенти Доналд Трамп ва Дания бош вазири Метте Фредериксен ўртасидаги телефон суҳбати юзасидан.
45 дақиқа давом этган мулоқот мавзуси Гренландия устидан назорат ўрнатиш масаласи бўлган. FT манбаларига кўра, у «жуда ёмон» ўтган. Манбалар гарчи Фредериксен ҳарбий базалар ва табиий ресурслар қазиб олиш борасида ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилган бўлса ҳам, Трамп «тажовузкор» ва «зиддият тайёр кайфиятда» бўлганини айтишган.
Дания бош вазири офиси «бу мулоқот юзасидан аноним манбалар келтирган изоҳлар»ни тасдиқламади. Бироқ, мулоқотдан кўп ўтмай Дания Гренландия мудофааси учун харажатларни оширишга шошилди – Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен эса, бу қарор охирги воқеалар билан боғлиқ эмаслигини айтди. У буни ҳатто «тақдирнинг ҳазили» деб атади.
Бу Трампнинг Гренландияни сотиб олишга биринчи уриниши эмас. Қисқа тарих
Гренландияни сотиб олиш ҳақидаги дастлабки гап-сўзлар Трампнинг биринчи президентлик даврида, 2019 йил август ойида пайдо бўлган. Ўшанда у орол учун ҳар йили 600 миллион доллар тўлашни таклиф қилган. Дания бош вазири Метте Фредериксен бу ғояни «абсурд» деб атаган ва «Гренландия сотиладиган нарса эмас, у Данияники ҳам эмас, балки гренландияликларнинг ўз мулки», деб таъкидлаган.
Бу рад жавобидан сўнг, АҚШ президенти Копенҳагенга режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Бир неча ой ўтиб эса, Гренландия пойтахти Нуук шаҳрида 1953 йилдан бери ёпиқ бўлган АҚШ консуллиги қайта очилди.
Шундан сўнг, вазият барқарорлашгандек туюлганди. Фредериксен Трампнинг таклифи жиддий эмаслигига умид билдирган: «Хайриятки, давлатлар ва халқларни сотиш ёки сотиб олиш мумкин бўлган даврлар ўтди. Шу ҳазилни ҳам ўша ерда қолдирайлик».
















