Жаҳон | 08:43 / 11.02.2025
1399
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ўзининг ташқи ёрдами тақсимотини қайта кўриб чиқади

Ташқи молиялаштиришни янада мақсадли тақсимлаш ва Европа Иттифоқининг стратегик манфаатларини таъминлашга қодир бўлиши режалаштирилган.

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Еврокомиссия Россиянинг Украинага қарши давом этаётган агрессияси ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг кескин риторикаси фонида кўп миллиард долларлик ташқи ёрдам ажратишни ЕИ ташқи сиёсати манфаатларига мослаштириш ниятида, деб хабар берди Bloomberg 10 феврал, душанба куни.

Ташқи молиялаштиришни тақсимлашни янада мақсадли қилиш ва ЕИнинг стратегик манфаатларини таъминлаш, жумладан, ҳамфикр давлатлар билан иттифоқларни мустаҳкамлаш, хомашёдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва мигрантлар оқимини чеклаш режалаштирилган.

Bloomberg томонидан кўрилган ҳужжат лойиҳасида таъкидланишича, анъанавий равишда блок ялпи ички маҳсулотининг қарийб 1 фоизини ташкил этувчи Европа Иттифоқининг умумий бюджети "яшил" ўтишдан тортиб мудофаа харажатларигача бўлган кенг кўламли талаблар билан ошиб кетган. Европа Комиссияси яқин ҳафталарда 2028-2034 йиллар учун етти йиллик бюджетни оптималлаштириш ғоясини тақдим қилмоқчи.

ЕК раҳбари: Европа Иттифоқи мудофаани ўз қўлига олиши керак

Европа Иттифоқи ўз хавфсизлиги ва мудофаасини «ўз қўлига олиши» вақти келди. Бу ҳақда Болтиқбўйи давлатлари электр энергияси тизимини континентал Европа тизими билан синхронлаштиришга бағишланган матбуот анжуманида Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Фон дер Ляйеннинг сўзларини 9 феврал куни ЕК матбуот хизмати келтирди.

«Биз Европа Иттифоқи бўйлаб мудофаани кучайтиришимиз кераклиги аниқ», — дея таъкидлади фон дер Ляйен ва НАТО давлатлари орасида ялпи ички маҳсулотига нисбатан мудофаа учун энг кўп маблағ сарфлайдиган Эстония, Литва, Латвия ва Полшани мисол қилиб келтирди.

Замонавий даврда уруш олиб бориш катта чақириқлар, технологик вазифалар ва мувофиқлаштириш билан боғлиқдир, дея қўшимча қилди у. Мамлакатлар ёлғиз ўзи бунга дош бера олмайди, деб таъкидлади ЕК раҳбари.

Мавзуга оид