Бугун футбол ҳақида гаплашамиз. Эсингизда бўлса, мухлислар 2010 йилларда Бразилияда Неймар деган футболчи чиқибди, деб унинг видеоларини муҳокама қилишарди. Ўша видеолар ҳозир тарқалганида, бу сунъий интеллект ясаган видео эмасми деб текшириб олиш керак бўларди. Биринчидан, сунъий интеллект ёрдамида исталган видеони ясаш мумкин бўлиб қолди. Иккинчидан, ҳозир футбол ўзгариб, Неймар каби жинго услубида ўйин кўрсатадиган футболчилар йўқ ҳисоб.
Ҳозир нархи фалон миллионга баҳоланган ёш футболчилар ҳақида гапирганда, дарров уларнинг статистикасига тўхталишади: фалон марта зарба беради, фалон тезликда югуради, майдонни яхши кўради ва ҳоказо. Лекин ҳеч ким хўш, бу ҳужумчи нечта футболчини алдаб кета олади ўзи, деб сўрамайди. Чунки футбол ҳаддан ташқари ҳисоб-китобларга асосланган ўйинга айланиб, чиройли футбол ўйнайдиганлар камайиб боряпти.
Неймар «Сантос»да вақтида жуда енгил футбол ўйнар, майдонда худди қушдай учарди. Албатта, футболда натижа, совринлар, тактика муҳим, лекин ёш мухлислар футболни айнан Неймарга ўхшаган йигитларнинг ўйинини кўриб яхши кўриб қолишади. Бу борада Неймарни футбол тарихида муҳим из қолдирди дейиш мумкин.
Неймар ҳали «Барселона»га келмаган вақтидаёқ футбол оламида ўз ўрнига эга эди. 13 ёшидан бошлаб роликларида суратга тушган Неймар болалигидан футболдан кўра рекламадан кўпроқ пул топган. Ўсмирлик вақтида Неймар шунчалик зўр ўйнай бошладики, у учун «Барселона» ва «Реал» жиддий курашга киришди. Охир-оқибат отаси билан маслаҳатлашган футболчи «Барса»га ўтишга қарор қилди. Футбол чўққисига чиққан Мессининг ёнига боргач ҳам Неймар йўқолиб қолмади. Бироқ Неймар Месси ва Роналду даражасига чиқа олмади. Бунинг асосий сабаби унинг порлаши узоққа чўзилмади.
Месси қол, мен сени энг яхши футболчи қиламан, деганига қарамай Неймар ПСЖга ўтиб кетди. У учун ақл бовар қилмас пул тўланади – 222 миллион евро! Ахир шартномада шунча пул кўрсатилганди-да. Ҳа, ўша вақтда Неймар пулни танлади, дейиш хато бўлмайди. Бошқа томондан унинг атрофидагилар Мессининг соясида қолиб кетасан деб уқтиришди.
Францияда ҳам Неймар ёмон ўйнамади, Мбаппе билан бирга Чемпиолар Лигаси финалигача етиб борди, аммо «Барса»дан кетган куни Неймар катта футболдан четга чиқиб бўлганди. Бу менинг шахсий фикрим. Ахир Месси ва Роналду энг зўр ҳолатда бўлган вақтда улар билан Ла Лига тўпурарлиги учун курашиш қаёқда-ю, Франция чемпионатида Кавани ва Мбаппе билан пеналти талашиш қаёқда.
«Ал Ҳилол»га ўтиши тақдирнинг унга зарбаси бўлди. Тўғри, араблар унинг устидан пул сочишди: аввалига ПСЖга трансфер учун 80 миллион евро тўланди, кейин йилига 200 миллион евро (реклама шартномалари ҳам қўшилганда) маош белгиланган шартнома имзоланди. Шу тариқа бразилиялик юлдуз Саудияда голлар қалаштириб ётган Криштиану билан бир хил маош олди.














