Жаҳон | 08:50 / 11.03.2025
4061
2 дақиқада ўқилади

Суд россиялик тадбиркорни «Керимовнинг яхтаси» эгаси деб тан олмади

«Роснефт» собиқ бош директори Эдуард Худайнатов суд томонидан АҚШда россиялик миллиардер Сулаймон Керимовга алоқадор бўлган Amadea суперяхтасининг фақат «номинал эгаси» сифатида тан олинган. Энди кема мусодара қилиниши мумкин.

Фото: Marco Garcia/File Photo, Reuters

Ню-Йорк федерал суди 10 март, душанба куни россиялик тадбиркор ва «Роснефт» компаниясининг собиқ раҳбари Эдуард Худайнатовни Amadea суперяхтасининг эгаси сифатида тан олишдан бош тортди, деб хабар бермоқда AFP. Яхтага бошқа ҳеч ким эгалик қилмаётгани сабабли, АҚШ Адлия вазирлиги энди суддан кема эгаси йўқлиги сабабли (by default - «сукут бўйича») давлат фойдасига мусодара қилинишига рухсат беришни сўрайди.

АҚШ прокурорлари Худайнатов фақат Amadea'нинг «номинал эгаси» эканлигига ва яхта аслида россиялик миллиардер ва сиёсатчи, Россия президенти Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси, 2018 йилдан бери АҚШ санкциялари остида бўлган ва 2022 йилда қайта санкцияга дучор бўлган Сулейман Керимовга тегишли эканлигига ишонч ҳосил қилишди.

Яхта 2022 йил баҳорида қўлга олинган

Фижи расмийлари Amadea моторли яхтасини 2022 йилнинг май ойида АҚШ ордери билан қўлга олдилар, чунки Вашингтон Кремлни Украинадаги урушни тугатишга мажбурлаш учун Россия президенти Владимир Путинга яқин одамларга нисбатан санкцияларни кучайтирди.

Қўшма Штатлар судда Amadea'нинг эгалик ҳуқуқини талаб қилмоқда. Кейин у кимошди савдосига қўйилиши мумкин. Пастки қисмида вертолёт майдончаси, сузиш ҳавзаси, жакузи ва қишки боғ билан жиҳозланган 106 метрлик кеманинг нархи 300 миллион долларга баҳоланмоқда. Айни дамда яхта Сан-Диего портида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид