Россия ҳарбийлари томонидан янги ҳужумга тайёргарликнинг дастлабки белгилари қиш охирида сезила бошлаганди.

Донбассда эса россиялик ҳарбийларнинг фаоллиги сусайган, Украина қуролли кучлари баъзи участкаларда ҳатто қарши ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлган.

Буларнинг бари Россия қўшинлари тин олиб, навбатдаги катта мақсад учун куч тўплаётганини кўрсатади.

Русларнинг янги ҳужуми бошланиши

Март ойи охирида Володимир Зеленский Россия ҳарбийлари янги ҳужумга тайёргарлик кўраётганини айтганди. Гап, биринчи навбатда Украинанинг шарқий областлари ҳақида кетганди, гўёки Россия армияси 2025 йил ёзида мазкур ҳудудда яна ҳужумга ўтишни режалаштирган.

«Путин вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда ва баҳорги ҳужумга тайёрланмоқда. Биз бу операцияга тайёргарлик кўрилаётганини кўриб турибмиз ва ўз разведка маълумотларимизни иттифоқчилар билан баҳам кўрдик. Вазиятга катта очилган кўз билан қараш керак. Путин янги ҳужумга тайёрланмоқда, хусусан, Суми ва Харкив областларида», – деганди Зеленский Le Figaro нашрига.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский бу маълумотни тасдиқлаб, LB.ua нашрида 9 апрел куни чиққан интервюсида ушбу ҳужум «амалда бошланиб кетгани»ни таъкидлади.

Украина бош штаби раҳбариятидаги манбанинг BBC Украина хизматига тушунтиришича, март ойи охиридан бери фронтнинг барча участкаларида ҳарбий тўқнашувлар сони ортгани Россия операцияси бошланганидан далолат бериши мумкин.

Россияликларнинг ҳужумкор ҳаракатлари сони икки баравардан кўпроққа ошган ва йил бошидан бери энг юқори кўрсаткичга чиққан. Агар март ойи бошида кунига юзга яқин тўқнашув кузатилган бўлса, ой охирига келиб кунига 200 дан ортиқ тўқнашувлар қайд этила бошлаган.

Апрел ойида эса ўртача кўрсаткич 150-160 даражасида сақланиб қолди.

Зеленский Украина ҳарбийларининг Суми областидаги позицияларига 3 апрел куни қилган сафарида

Бош штабдаги суҳбатдошнинг ҳисоблашича, «Россия юришидаги кескинлашув» тахминан май охири, июн бошида рўй бериши мумкин.

Украина президенти офиси раҳбарининг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси, полковник Павел Палиса апрел ойи бошида журналистлар билан мулоқот чоғида Россия қўмондонлиги «ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштиришга тайёрланаётгани»ни айтганди.